“Ўзбекистон совғалари”: ҳунармандчиликнинг янги нафаси
Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан 23–25 май кунлари “Tashkent City” сайилгоҳида “Ўзбекистон совғалари” кўргазма-савдоси бўлиб ўтади.
Тадбирда энг маҳоратли ҳунармандлар иштирок этади. Ташриф буюрувчилар ноёб қўл меҳнатига асосланган асарлар ва бебаҳо сувенирларни ҳунарманд усталарнинг ўзларидан харид қилиш, уларни яратиш жараёнида иштирок этиш ва ҳунармандчилик сирларини ўрганиш имконига эга бўлади. Кириш бепул.
Шу ўринда айтиш керак, бугунги кунда ўзбек ҳунармандчилиги янги босқичга кўтарилмоқда. Илгарилари қўлбола товар сифатида баҳоланган маҳсулотлар, эндиликда юксак санъат асари сифатида, қадимий технологияларнинг замонавий дизайн ва ишлаб чиқариш техникаси билан уйғунлашган шаклида эътироф этилмоқда.
Бу маҳсулотлар нафақат миллий меросимизни акс эттиради, балки келажакда Ўзбекистонни дунёга машҳур қиладиган брендлардан бирига айланиши мумкин. Чунки жаҳонда handmade — қўл меҳнатига асосланган маҳсулотлар жуда юқори қадрланади ва баҳоланади.
Шу боис, бундай маҳсулотларимизни жаҳон бозорига олиб чиқиш, экспорт ҳажмини ошириш долзарб вазифалардан бири. “Ўзбекистон совғалари” каби тадбирлар ана шу мақсад сари қўйилган муҳим қадамлардан.
- https://t.me/uzchamber/17626@uzchamber