Истеъмолчилар насия савдонинг асл нархини (фоиз ставкасини) билишга ҳақли
Насия савдо аслида арзон эмаслиги ва истеъмолчига банк қарз маҳсулотларидан каррасига қимматга тушиши ҳақида жуда кўп таъкидланган.
Марказий банк томонидан Ўзбекистон насия бозори ҳолати, жумладан насия савдо фойдаланувчиларининг ижтимоий-демографик профили, насияга олинган товарларга қўшимча тўловлар миқдори ўрганилган.
Таҳлилларга кўра, агар товар 12 ойлик тўлов режаси билан насияга сотиб
олинса, дўкон ва насия таъминотчиларига қараб, товарнинг умумий қийматига 27,3 фоиздан 44,3 фоизгача (ўртача 39,6 фоиз) устама қўшилади. Бундан
ташқари, товар учун ортиқча тўлов банк фоиз ставкаси эквивалентида
ҳисобланганда, ушбу ставкалар 47,1 фоиздан 73,8 фоизгача (ўртача 66,5 фоиз) бўлган оралиқни ташкил қилмоқда.
Регулятор насия хизматлари билан боғлиқ хатарларни камайтириш
ҳамда мазкур сегментнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида
насия бозори фаолиятини ҳуқуқий ва молиявий тартибга солишнинг аниқ
механизмларини жорий этишни долзарб вазифа сифатида қараш лозим, деб ҳисобламоқда. Мазкур хулосаларга тўлиқ қўшилган ҳолда, “Насия савдо”нинг тўлиқ қиймати мажбурий очиқланишини қонунчиликка киритиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак бўлади.