Ҳар қандай фаол банк картаси келажакда “потенциал солиқ объекти”га айланиб қолиши мумкин
Растаможка канали P2P ўтказмаларни корхона тушуми деб ҳисоблаш қанчалик қонуний экани ва бу амалиёт келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлар ҳақида ёзмоқда:
"Солиқ органлари томонидан тадбиркорлар ва савдо корхоналарига “директорнинг банк картасига келган P2P ўтказмалар бўйича Excel шаклида маълумот тақдим этиш” мазмунида хатлар юборилаётгани ҳақида мурожаатлар кўпаймоқда. Энг баҳсли жиҳати шундаки, айрим ҳолатларда жисмоний шахснинг шахсий банк картаси орқали амалга оширилган ўтказмалар автоматик тарзда корхона тушуми сифатида баҳоланмоқда.
Аслида эса қонунчилик нуқтаи назаридан юридик шахс ва жисмоний шахс — икки алоҳида ҳуқуқ субъекти ҳисобланади. Корхона ўзининг алоҳида мол-мулки, ҳисоб рақамлари ва мажбуриятларига эга бўлса, директор ёки таъсисчининг шахсий картаси унинг шахсий молиявий воситаси ҳисобланади. Шунинг учун директорнинг шахсий картасига келган ҳар қандай маблағни ҳеч қандай далилсиз корхона даромади деб қабул қилиш ҳуқуқий жиҳатдан баҳсли ҳисобланади.
Амалиётда эса баъзи ҳолатларда “картада катта айланма бор”, “P2P фаоллиги юқори”, “кўп кирим-чиқим кузатилган” каби умумий важлар билан маблағларни яширин тушум сифатида баҳолашга уринишлар кузатилмоқда. Ваҳоланки, солиқ ҳисоблови фақат тахминга эмас, аниқ далилларга асосланиши керак. Масалан, товар сотилгани, хизмат кўрсатилгани, маблағ айнан тадбиркорлик фаолиятидан тушгани ёки бухгалтерия ҳисобидан яширилгани исботланиши лозим.
Фақат карта айланмасининг ўзи даромад эканини англатмайди. Чунки жисмоний шахс картаси орқали қарз қайтарилиши, оилавий ўтказмалар, дўстлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ёки бошқа шахсий операциялар амалга оширилиши мумкин.
Энг хавфли жиҳати шундаки, бундай ёндашув тадбиркорлик муҳитида “ҳамма айбдор” деган презумпцияни шакллантириши мумкин. Агар шахсий карта айланмасининг ўзиёқ шубҳа учун асос бўлса, эртага директорнинг оила аъзолари ёки яқинларининг операциялари ҳам текширув объектига айланиши эҳтимоли пайдо бўлади. Бу эса хусусий мулк дахлсизлиги, банк сирлари ва ҳуқуқий аниқлик принципларига зид келади.
Солиқ органи муайян P2P ўтказмани корхона даромади деб ҳисобламоқчи бўлса, аввало ушбу маблағ товар ёки хизмат учун олинганини, операция корхона фаолияти билан боғлиқлигини ва маблағ ҳақиқатда яширин тушум эканини аниқ исботлаши шарт. Акс ҳолда оддий банк айланмасини “ноқонуний даромад” сифатида баҳолаш ҳуқуқий баҳсларга сабаб бўлади.
Кўплаб тадбиркорлар эса ҳуқуқий позициясини тўлиқ билмагани сабабли, асоссиз талабларга жавоб беришга, тушунтириш хатлари ёзишга ёки жарималардан қўрқиб рози бўлишга мажбур бўлаётганини айтмоқда. Бу ҳолат эса давлат ва бизнес ўртасидаги ишончга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, P2P айланмаларни таҳлил қилишнинг аниқ ҳуқуқий механизми ишлаб чиқилиши, жисмоний шахс ва юридик шахс маблағлари қатъий ажратилиши ҳамда солиқ органларининг бундай масалалардаги ваколатлари қонун билан аниқ чегараланиши зарур. Акс ҳолда, ҳар қандай фаол банк картаси келажакда “потенциал солиқ объекти”га айланиб қолиши мумкин".
Ўзимиздан қўшиб айтамизки, P2P ўтказмаларни корхона тушуми деб ҳисоблаш амалиёти, токи бу бўйича аниқ ҳуқуқий механизмлар, айниқса банк сири қоидаларига қатъий амал қилишни назарда тутадиган кафолатлар ишга тушмагунча, тўхтатилиши керак. Акс ҳолда "бюджетга 30 триллион туширамиз" дея экономикага 50 триллионлик зиён етказилади.
- https://t.me/rastamojka_uz/2522@rastamojka_uz