13K43Telegramda ochish
Парадокс қарорлар Жорий ҳафта иккита йирик давлат банкининг муаммоли кредитлар салмоғи ошиб кетгани сабабли, тижорат кредитларини ажратиш вақтинча тўхтатиши ҳақидаги хабари билан бошланди. Тўғриси, бу икки хабар мени ҳайрон қолдирди. Аввало айтиш кераки, регулятор бу икки ростанам аҳволи оғирлашиб бораётган банкнинг актив операцияларини тўхтатиб қўйгани йўқ, гарчи бунга тўла ваколатли бўлса ҳам. Яъни тижорат кредитларини ажратиш вақтинча тўхтатиш ушбу банкларнинг соф ички бошқарув қарорлари. Нега ҳайрон бўлиш керак, дейишингиз мумкин. Биринчи сабаб шуки, ҳар икки банк ҳам Давлат дастурлари доирасидаги имтиёзли кредитлар ажратилиши тўхтатилмаслигини маълум қилган. Бугунги кунда энг ёмон ва сифатсиз портфель айнан давлат дастурлари доирасида молиялаштирилаётган кредитлар. Банклар жами портфели бўйича муаммоли кредитлар улуши 6% атрофида бўлса, масалан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги кредитлар таркибидаги муаммоли кредитлар 15%дан ошиб кетган. Бошқа давлат дастурлари, ташрифлар ва турли маъмурий босимлар остида ажратилаётган кредитлар сифати ҳам шунинг атрофида. Яъни, ҳар икки банк айнан энг муаммоли, риски жуда баланд ва маржиналлиги паст бўлган бўлган кредит маҳсулотларини молиялаштиришда давом этади. Бу йўл билан қандай қилиб портфелни соғломлаштириш мумкин? Иккинчидан, нега айнан тижорий кредитлар ажратилиши тўхтатилгани тушунарсиз. Нафақат ушбу икки банкда, умуман барча тижорат банкларида портфелнинг нисбатан соғломроқ ва маржиналлироқ қисми айнан тижорий шартларда ажратиладиган кредитлардир. Мен тижорий кредитлар муаммоли бўлмайди демаяпман. Лекин тижорий шартларда, ташқи маъмурий босимсиз ажратилган кредитларнинг муаммоли қисми давлат дастурлари доирасидаги кредитларнинг муаммоли қисмидан каррасига паст. Учинчидан, ҳар икки банк муаммоли кредитларни тўғри баҳолаши ва бунга мутаносиб резервлар яратиши керак. Бунинг учун банкларнинг даромад оқимлари кўпайиши ва фойда генерацияси керак бўлади. Айнан тижорий кредитларни тўхтатиб туриб бунга қандай эришиш мумкин? Тўртинчидан, тижорий кредитларни тўхтатилишига энг даромадли ва кредитга лаёқатли, ўзини ҳурмат қиладиган мижозлар ўта сезгир бўлшади. Банк бозорида бундай мижозларнинг совчилари етарлича. Тижорий кредитларни тўхтатилиши ҳар икки банкнинг бусиз ҳам кам сонли энг яхши мижозларидан ажралишига ва уларнинг бошқа рақобатчи банкларга ўтиб кетишига олиб келади. @the_bakiroo

Arxivda shunga yaqin