Laziz Hamidov kanalidan
Бозорлик қилиш мақсадида Қатортол савдо марказига чиқдим, билсангиз бозор ташқарисида ёйма савдо ҳам қилишади, мевалар сотишади. Сотувчилар, катта фартукларни тақиб, бошларига ромол ўраб олган, асосан Тошкент четроғидан келадиган аёлларни ташкил этади. Нимадир бўлдику, барча аёллар тоғора-челакларини йиғишга тушиб қолди, кузатиб турсам, йўлак ўртасида ёши 40лар атрофида, сочини тагигача қирдирган, вазни оғирлигидан бўйни кўринмай кетган бир амалдорга ўхшаш кимса турибди, барча ундан қочяпти.
Қулпнайларини кўтариб, нарироққа қочган аёл, қолдирган яшигини олиш мақсадида ортга қайтиб кела бошлади, бояги қорни осилган, вазни оғирлигидан бўйни кўринмай кетган амалдорга ўхшаш кимса, синдириш мақсадида сотувчи аёлнинг яшигига чиқди, сотувчи амалдорга қараб келар экан, ундан бундай қилмаслигини ўтина бошлади, етиб келмасидан, яшик майдаланиб, синиб кетди, аёл тарвузи қўлтиғидан тушгандек, ҳафсаласи пир бўлиб жойида тўхтади, бояги киши ёғоч бўлакларини четроққа, дарахт тагига тепар экан, қилган ишидан ғурур ҳис қилгандек, гўё бошқаларга буни кўрсатиб қўйгандек мардонавор турар эди...
Гарчи майда ҳолатдек туйилсада, бу манзара менга жуда ёмон таъсир қилди, уйга келгунча ҳаёлимда ўзимга турли савол бериб, унга одилона жавоблар қидирард эдим... Сотувчи аёл учун ушбу яшик қанчалик муҳим бўлса, амалдорга ўхшаш кимса учун аёл меҳнат-кечинмалари шунчалик аҳамиятсиз эди... Бир қарасанг ХХI асрнинг 20 йили, янги Ўзбекистон, демократик давлат қураяпмиз, бир қарасанг назорат жазо услубларимиз ўша эски ҳолича қолгандек гўё...
Каналга аъзо бўлиш: @lazizhamidov