3 ойда маҳаллий қатновларда авиачипталар 1,74 каррагача қимматлаган
Энерготарифлар оширилишининг бир ойга кечиккани ҳисобига апрель ойида ойлик инфляция бироз секинлаштирилган. Ойлик инфляция 0,7%, йиллик инфляция 10,1%ни ташкил этган. Ой давомида озиқ-овқатлар 0,8%га, ноозиқ-овқатлар 0,4%га, хизматлар эса 1,0%га қимматлаган.
Энерготоварлар бўйича тарифлар ошиши кечиккани билан бошқа очофат монополистлар жим туришмаган, улар вазиятдан фойдаланиб нархларни оширишда давом этишмоқда. Хусусан, ой давомида Ҳаво транспортида йўловчи ташиш хизматлари ички йўналишларда 4,9%, халқаро йўналишларда 5,3%га қимматлаган. Маълумот учун март ойида авиачипталар ички йўналишларда 3,9%га, халқаро йўналишларда 4,8%га, февраль ойида ички йўналишларда 1,6 баробарга, халқаро йўналишларда 1,9%га қимматлаганди. Яъни охирги 3 ойда маҳаллий қатновларда авиачипталар 1,74 каррагача қимматлаган.
Рақобат қўмитаси ўзбекистонликларни очиқчасига талаётган монополистларга қарши бирон чора кўргани ё бирон сўз айтганинини кўрдингизми? Мен кўрмадим.
Мобиль алоқачилар ҳам авиамонополистлардан ортда қолмаяпти. Ë давлат монополияси ё олигархлар қўлида қолган уяли алоқа компаниялари тарифларини. ўтган ойда 2,5%га оширишган. Март ойида тарифлар 3,5%га ошириб олинганди. Акциз бекор қилинганига қарамай, уяли алоқа компаниялари худди келишиб олишгандек, тарифларини оширишаётгани ҳақида ёзган эдик. Қани энди истеъмолчиларни кимдир эшитса.
Апрель ойида шунингдек, ўсимлик ёғи 3,2%, гўшт 1,8%гача, даволаниш хизматлари 3,0%гача қимматлаган.
- https://stat.uz/uz/matbuot-markazi/qo-mita-yangiliklar/61439-o-zbekiston-respublikasida-iste-mol-narxlari-indeksi-2025-yil-aprelstat.uz
- https://stat.uz/img/press-reliz-ipts-za-mart-2025-uzb_p40132.pdfstat.uz
- https://stat.uz/img/press_reliz_za_fevral_2025_uzb_p36985.pdfstat.uz
- https://t.me/the_bakiroo/9462@the_bakiroo