23K40Telegramda ochish
Хизматлар бу даромадлар динамикасини кўрсатувчи лакмус қоғози Яхши яшаётганингизни, фаровонлигингиз орта бошлаётгани биринчи белгиси бу сизда озиқ-овқат учун харажатлар улуши камайиб, хизматлар улушининг ортиши ҳисобланади. Фаровонлигингиз ортга кета бошлашининг биринчи ишораси ҳам шу: сиз энг аввало хизматлардан воз кечасиз. Оддий мисол: Бойлар банкрот бўлса, ошпаз, боғбон, энага ва ҳайдовчини ишдан бўшатади. Ўрта синфнинг даромади камайса, саёҳатлар, ресторан, гўзаллик салони ва буюртма хизматларни қисқартиради. Камбағаллар пулли хизмат истеъмол қилмайди (ижтимоий хизматлар мустасно). Камбағалликдан росмана чиққан одамда энг аввало хизматларга эҳтиёж пайдо бўлади. Хизматлар минг йиллик турмуш тарзини трансформация қилади. Анъанавий уй хўжаликларида аксар хизматлар аёллар зиммасида (уй тозалаш, овқат қилиш, бола қараш). Даромадлар ошиши мана шу хизматларни босқичма-босқич харид қилишга ўтишга, аёлларни эса меҳнат бозорига фаол киришига туртки беради. Аёлларнинг даромадга эга бўлиши хизматлар бозорини янада кенгайтиради. Чунки қоида тариқасида аёллар ўз даромадларидан кўпроқ улушни хизматларга сарфлашади (хусусан, ўзларига юкланган хизматлардан озод бўлиш учун ҳам). Назаримда, Маҳалла банкири (“менинг банкирим” деб номланса инсонийроқ бўларди) лойиҳаси кўпроқ ҳудудларда айнан хизматларни кенгайтиришга (хусусан, аёлларни юмушлардан озод қиладиган ва бўш вақт берадиган) қаратилиши керак. Оилавий тадбиркорликда йўл қўйилгани каби самарасиз бўлган ёки нисбий афзаллиги кўламли ишлаб чиқаришдан анча паст мол, қўй, товуқ боқишдек натурал хўжаликларни яратиш каби хатолар такрорланмаслиги зарур.

Arxivda shunga yaqin