
Ўзбекистон ва Германия минтақавий иқлим лойиҳасини бошлади
20 июнь куни “Eco Expo Central Asia 2025” кўргазмаси доирасида “Марказий Осиёда шаҳарларнинг барқарор ва иқлимга мос ривожланиши” номли лойиҳанинг бошланиши эълон қилинди. Лойиҳа Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) кўмагида амалга оширилади. Ташаббус Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон шаҳарларини барқарор ва яшил ривожланиш жараёнига жалб этишни мақсад қилган.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Экология вазири Азиз Абдуҳакимов шаҳарларни иқлимга мос равишда ривожлантириш нафақат экологик, балки иқтисодий барқарорлик, жамият фаровонлиги ва аҳоли саломатлиги учун ҳам муҳим эканини таъкидлади.
Вазирнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус, айниқса, Фарғона водийсидаги шаҳарларга — Фарғона, Наманган, Андижон, Қўқон ва Марғилонга қаратилган. Бу ҳудудларда урбанизация тез кечаётгани боис, иқлимга мос ва амалий ечимлар зарур.
Лойиҳа GIZ томонидан амалга оширилаётган “Green Central Asia” ташаббусининг бир қисми ҳисобланади. Бу орқали Марказий Осиёда шаҳар ривожланишига халқаро тажриба асосида ёндашиш имкони яратилиши кутиляпти.
Реклама