
Eco Expo Central Asia 2025 — нафақат кўргазма, балки экологик уйғониш нуқтаси
Тошкентдаги CAExда экологик технологиялар бўйича тарихдаги энг йирик халқаро кўргазма — Eco Expo Central Asia 2025нинг очилиши бўлиб ўтди. Бу тадбир нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун янги босқични бошлаб берди.
Кўргазмада 30 дан зиёд давлат, 3000 га яқин иштирокчи ва 40 дан ортиқ расмий меҳмон қатнашди. Илғор технологиялар, “яшил” ечимлар ва ҳозирча кам муҳокама қилинган ёндашувлар битта майдонда тақдим этилди.
Тадбирда БМТнинг CITES Конвенцияси бош котиби Иза Игеро ҳам қатнашди. Бу Ўзбекистоннинг глобал экологик жараёнлардаги ролини янада мустаҳкамлайди.
Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси экология вазири:
«Бугунги кўргазма — бу шунчаки технологиялар намойиши эмас, балки минтақалар, тармоқлар ва давлатлар ўртасидаги чуқур ҳамкорлик учун бошланғич нуқтадир. Ўзбекистон Марказий Осиёда экологик технологияларни илгари суриш бўйича минтақавий платформага айланишга тайёр».Мен учун кутилмаган ва муҳим жиҳат, Оролбўйига алоҳида эътибор қаратилиши бўлди. Бу ҳақда кўп гапирилган, лекин бу сафар аниқ амалий таклифлар илгари сурилди. БМТ, Жаҳон банки, KOICA, UNDP, FAO, Франция, Япония, Германия, Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ёшлар, стартаплар ва IT-ташаббуслар кўргазмани фақат намойиш эмас, балки янгиланиш ва мулоқот майдонига айлантирди. Барқарор шаҳарлар, иқлим молияси, яшил қурилиш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Менимча, бу шунчаки кўргазма эмас, балки экологик онг шаклланишига қаратилган жиддий қадам бўлди. Ўзбекистон бу йўналишда минтақавий етакчига айланмоқда. Аммо энг муҳими, бу ерда айтилган ғоялар ҳаётга татбиқ этилса, натижалар янада салмоқли бўлади. Табиат билан муносабатни ўзгартириш бу нафақат давлатлар, балки ҳар бир инсон зиммасидаги масъулият. Ечим кутмасдан, ечим таклиф қилиш вақти келди. Реклама