Асанов формати kanalidan
Ҳазил пост. Вазирлик ходимлари ҳазилни тушунади деб умид қиламан.
Ёзнинг иссиқ кунларидан бири. Хонада вентилятор ғириллаб турибди. Йиғилганларнинг бир қисми калласини сокинлик билан 180 даража айлантираётган кондиционер шамолига тўғрилашга ҳаракат қилиб стулини ёнга силжитаверади. Стул оёқларининг тинимсиз ғичирлашидан асабийлашган маҳалла вазири мактаб ўқитувчисидай қўлида ўйнаб ўтирган ручкаси билан ҳар замон – ҳар замон столни тақиллатиб қўяди.
- Ҳурматли ҳамкасблар, – деди у қаршисида бетартиб ўтирган ходимларига қарамай, нигоҳини чизиб ташланган стол юзасига тикиб. – Коронавирусга қарши оғир кураш кетяпти. Бу паллада ҳар биримиз масъулиятни чуқур ҳис этиб, ўз фаолиятимизни кўринмайдиган душманга қарши курашга қаратишимиз керак.
Ходимларининг кўзида учқун кўриш умидида нигоҳини бир зум уларга қаратди, мақсадига эришмагач, яна ҳорғинлик билан стол юзасини ўрганишда давом этди.
- Касалликка қарши кураш фақат ССВнинг иши эмас. Ҳар бир вазирлик ўз ҳиссасини қўшиши керак. Бизнинг вазирлигимиз ҳам бу борада ортда қолмаслиги керак. Биз ўз ташаббусимизни илгари суришимиз керак. Таклифлар борми?
Бир неча лаҳзалик сукутдан сўнг 35–40 ёшлардаги ходима атрофида ўтирганларга қараб қўйди, ҳамма нигоҳини блокноти орқасига яшираётганига амин бўлгач, ишонч билан қўлини кўтарди. Вазир ҳорғинлик билан “гапир” ишоратини қилди.
- Менимча, биз тарбияси оғир қизларнинг маҳаллалар кесимида рўйхатлари шакллантириш билан шуғулланишимиз керак.
Вазир ҳурмат юзасидан илжайиб қўйди, аммо бу ташаббуснинг коронавирусга қарши курашга қандай алоқаси борлигини тушуна олмагани лабининг бир чети тепага кўтарилиб қолиб, кулгиси таажжуб ифодасига қўшилиб кетганидан билинарди.
- Ҳаммаси оддий, – деди руҳланиб кетган ходима. – Тарбияси оғир қизлар карантин қоидаларига ҳам риоя этмайди. Чунки уларнинг тарбияси оғир. Кейин... ҳалиги... улар... тарбияси оғир...
“Тушундинглар-ку” дегандек қараб туриши вазирнинг юзидаги таажжубни енга олмагач, умид билан атрофдагиларга қаради. Кимдир таажжубда, кимдир бепарволик билан телефон ковлар эди.
- Чунки, – тушунтиришга киришиб кетди ходима, – тарбияси оғир қизлар масофа сақламайди... Ижтимоий масофа... Ҳар хил контактларга киришиб, коронавирус кўпайишига сабаб бўлади.
Сукунат.
- Ҳааа, – деди вазир гап нимадалигини ниҳоят тушуниб. Лекин бу ташаббусдан қониқмагани юзидан кўриниб турарди. Қолганларга мурожаат этди. – Бошқа таклифлар борми?
Ҳар доимгидай олиб қочилаётган нигоҳлар. “Ҳай майли-да”, деди ичида.
- Яхши, – деди вазир ва матбуот котибига юзланди. – Унда бугун бирга ишланглар. Матбуот учун баёнот тайёрланглар. Эртага асоснома кутаман, – деди сўнг ташаббускорга. – Шу билан мажлис тамом. Уйда қолинг. Карантин қоидаларига риоя этинг.
@AsanovEldar