22K361Telegramda ochish
Бир йил ўтиб бутун Ўзбекистон маҳалла вазирлигига айландими? Фаол жамоатчилик томонидан жуда оғир хато ўлароқ кутиб олинган, ихчамлашиш ўрнига, тинимсиз кенгайишда давом этаётган ҳукуматнинг тимсолига айланган, янги режимга лоял сиёсий пенсионерларни амал билан таъминлаётган ва ўзбек армиясидан ҳам каттароқ - 40 мингдан зиёд ходимга эга, менинг назаримда энг самарасиз ва зарарли давлат тузилмасига айланган Маҳалла вазирлиги пайдо бўлганига ўтган ҳафта 1 йил бўлди. 1 йил бу зарарли тузилманинг фаолиятига қисқа бўлсада баҳо бериш учун етарлича вақт. Ўшанда янги вазирлик маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ойлик иш ҳақини ўртача 35%га оширишдан бошлаган эди. Ўта оғир ўтган 2020 йилда барча тоифаларнинг даромадлари, маошлари пасайди ё қийматини йўқотди, Лекин Маҳалла тизимидагиларники бундан истисно. Кимдир, қайсидир солиқ тўловчи бундан натижа сездими? Вазирлик тузилганда унинг олдига қўйилган вазифалардан бири аҳолини оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш этиб белгиланганди. Нега агар бу вазифа Маҳалла вазирлигига юклатилган бўлса, бутун Ўзбекистон молиявий муассасалари маҳаллама-маҳалла, уйма-уй сарсон бўлиб юрипти. Агар ўзининг ташкил этилгандаги вазифасини бажармаётган бўлса Маҳалла вазирлиги нега керак? Вазирлик тузилиши биланоқ «Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармаси деб аталган чап чўнтаги пайдо бўлган. Нега тегишли Жамғармаси бўла туриб маҳаллалар уларга бириктирилган банклар ва тадбиркорларнинг маблағларини ихтиёрий ва мажбурий равишда сўришда, эмишда давом этмоқда? Қани шу жамғарманинг маблағлари? Маҳаллаларга банклар ва тадбиркорларнинг пуллари ҳисобига ёрдам кўрсатилаётган бўлса, Жамғарманинг пулларини ким ўзлаштираяпти? Балки Наманганда оқланмаган чолдевор учун сўровни прокурордан эмас, Маҳалла вазиридан сўраш керак эди? Аҳолининг кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш Маҳалла вазирлигини фаолият йўналиши бўлсин дейилган Фармонда. Нега унда Ҳукуматнинг барча вазирлари қуйига, жойларга сафарбар этилган? Бутун Ўзбекистон ҳукумати Маҳалла вазирлигига айланганми? Ҳукумат аъзоларини мардикордек уйма-уй юриб муаммоларни аниқлаши ва ечиши бизга қанчага тушаяпти? Агар шу аҳмоқона ва ўта қиммат иш тўғри деб ҳисобланилса ва ҳукумат аъзоларининг иши аслида шу деб кўрилаётган бўлса, бизга вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларининг ва 40 минг армияга эга Маҳалла вазирлигининг нима кераги бор? P.S. Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ маҳалла бор. Агар давлат раҳбарининг ташрифи вақтида маршрутни ўзгартириш, Намангандаги Бунёдкор ва Фарғонадаги Шодиёна маҳалласига тўсатдан кириб бориш орқали пайдо бўладиган ҳашар кампания воситаси ўлароқ ечимни кўраётган бўлсак, мамлакатдаги барча маҳаллалар шакли ўнгланиши ва тусланишига 417 йил вақт керак бўлади. @the_bankiroff

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin