Yangi bank омонатчилари тўғрисида
Лицензияси чақириб олинган Yangi bank омонатчилари бўйича регулятор қуйидагиларни маълум қилган:
Ўзбекистон Республикасининг “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг банклардаги омонатлари давлат томонидан қонунчиликда белгиланган миқдорда кафолатланади.
Шу муносабат билан, Yangi bank акциядорлик жамиятидаги омонатчиларнинг кафолатланган омонатлари бўйича компенсация қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорларда Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан тўланади.
Омонат маблағлари бўйича компенсация тўланиши бўйича батафсил маълумотни Омонатларни кафолатлаш агентлигининг 55-550-05-00 рақамли ишонч телефони орқали олишингиз мумкин.
Алоҳида таъкидлаймизки, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами мавжуд 32 526 нафар омонатчиларнинг 32 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади (омонатлар тўлаб берилиши бўйича аниқ ҳисоб-китоблар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан эълон қилинади), 373 нафар фуқаро бўйича эса кафолатланган омонат маблағларидан қолган қисми тугатиш комиссиясининг қарорига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади. Ушбу масала Марказий банкнинг доимий эътиборида бўлиб, жараён босқичма-босқич кузатиб борилади ва жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот бериб борилади.
- https://t.me/centralbankuzbekistan/12734@centralbankuzbekistan