Конституция куни арафасида
Агар адашмасам, 1993 йилдан буён биринчи марта Конституция куни билан боғлиқ байрамолди олий даражадаги расмий тадбир бугун ўтказилмади. Тўғри, айни вақтда идораларда, байрам маросимлари, унвон ва мукофотларни топшириш билан боғлиқ кичик тадбирлар ўтказилмоқда.
Байрам табригида дунё миқёсида авж олган коронавирус пандемияси туфайли бу йил Конституция кунига бағишланган тантанали маросимларни кенг миқёсда ўтказишнинг, афсуски, имкони бўлмаётгани айтилган.
Шу кунларда расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони барқарор ҳолда қолмоқда (тўғри, бу статистикага заррача ишонч йўқ). Ҳарқалай, биронта жиддий карантин чеклови мавжуд эмас. Масалан, селектор ва парламент мажлислари одатдаги тарзда давом этмоқда.
Солиштириш учун коронавирус эпидемияси айни авжига чиққан, карантин чекловлари мавжуд вақтда, 9 май куни "Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги" олий даражадаги тадбирлар билан, ёши 100га яқинлашган уруш қатнашчиларини жалб этган ҳолда ўтказилган эди, Ғалаба боғининг очилишига ҳам карантин тўсқинлик қилмаган эди.
Нима бўлгандаям, гарчи амал қилинмаётганига милёнта эътирозим бўлса ҳам Конституция куни қадрли ва мамлакат учун муҳим байрам. Мен қатъий ишонаман, бир кун келади - Конституциямиз ишлаб кетади. Унинг шарафига шеър ва қофиялар аташни тўхтатиб, шунчаки амал қилиш бошланади.
@the_bakiroo