SAFAR kanalidan
"Рангсиз тушлар"га қарши дориси йўқ жамият
Тушларда ранг бўладими ўзи? Буни текшириб кўриш шарт эмас. Бу бир метафора – "рангсиз тушлар". Инсон ҳаётидан маъно (ранг) қочиб бораётганига (балки, маъно қолмагандир ҳам) ишора эмасми?
Аюб Шаҳобиддиновнинг "Рангсиз тушлар" фильми (сценарий муаллифи – Умид Ҳамдамов) бугун премьера бўлди. Фильмни ёпиқ тақдимотда кўрган эдим. Фильм четда узоқ йил қолиб кетган аёлнинг ўзбек жамиятига қайтиши ҳақида.
Жамият уни қабул қилмайди. Чунки, бизнинг жамият инсонга қайта имкон бермайди, хатони кечирмайди. Шу стереотипнинг ўзиёқ қанча тақдирни вайрон қилгани ҳақида ўйлайсиз фильмни кўриб.
Ота (Карим Мирҳодиев) ўз қизининг Дубайга бориб келганидан изтироб чекадими ёки бефарқми билолмаймиз. Қизининг (Феруза Саидова) эса Дубайда кўрган-кечирганлари фақат ўзигагина аён. У ҳеч кимга ҳеч нарсани исботламоқчи эмас, ўтган ҳаётига изоҳ ҳам бермоқчи эмас.
У шунчаки яшамоқчи, янгидан ҳаёт бошламоқчи. Аммо жамият бунга энг катта тўсиқ бўлади. Бу мавзу бугун учун эмас, ҳамиша долзарб.
"Оқибатли" укалар учун эса "эшакнинг ўзи ҳаром, меҳнати ҳалол".
Жамият фильмдаги каби манзарани қайта-қайта бошдан кечирмоқда, таассуфки. "Рангсиз тушлар" фильми хато қилган инсонга қайта имкон бермаётган, ўзига қабул қилмаётган жамиятга қарата тортилган тарсаки.
@kinosanati