Каспийни Орол тақдири кутмоқдами?
Иқлим ўзгаришлари туфайли Каспий денгизида сув сатҳи 9-18 метргача пасайиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳозирги денгиз сатҳининг учдан бир қисми қуруқ чўлга айланади дегани. Денгизда сув сатҳининг пасайиб бориши тенденцияси 1995 йиллардан бошланган. Солиштириш учун, Орол денгизида сув сатҳи пасайиши 1930 йиллардан бошланган, лекин совет ҳукумати ҳолатни, фожеани ортга қайтариб бўлмас даражага етгандан кейингина, яъни 1970 йилларга келиб тан олган.
Немис ва нидерланд олимларига кўра, "Каспий фожеасини" денгиз сувининг юқори суръатларда буғланиб бораётгани, ёғин ва дарё сувларининг бу йўқотишларни компенсация қила олмаётгани яратмоқда.
Яратилган моделларга кўра, Марказий Осиё, Кавказ, Кичик Осиё, Яқин шарқ, Арабистон яримороли ва Шимолий Африкада шу аср охиригача ёпиқ кўллар тўлиқ қуриб битади. Бу экологик, ижтимоий ва ўз-ўзидан сиёсий катастрофалар яратиши мумкин.
Дарвоқе, Сурия ва Ироқда ИШИД омилининг пайдо бўлиши, миллий, диний ва этник можаролар туб илдизи кўпчилик ўйлаганидек, Саддам Ҳусейн режимининг қулаши ёки Асад диктатураси оқибатлари эмас (албатта булар ҳам сабаб), айнан кейинги ўнйилликларда икки дарё (Дажла ва Фрот) оралиғидаги сув ҳавзаларининг қуриши, деҳқончилик учун сув манбаларининг тугаб битгани, оқибатда миллионлаб инсонларнинг жон сақлаш учун бошқа ҳудудларга кўчиши, ҳаёт учун кураш давомида радикаллашуви оқибатларидир.
Ўтган эпоха зеҳниятидаги тушунишлардан фарқли ўлароқ, олдир-шолдир Янги Ўзбекистоннинг минтақадаги сув муаммоси ва унинг оқибатлари бўйича аниқ стратегияси кўринмайди. Мамлакат ва унинг аҳолиси мамлакат ҳудудидан ташқарида жамланадиган сув заҳираларига қарам ва бу муаммони ечими ўлароқ қўшни мамлакатларга доимий ёнбосиш ва уларнинг келажакда биз учун фожеа яратадиган режаларига хайрихоҳлик позицияси шаклланган.
@the_bakiroo