Молия йили якунланиб бораётганда ўзбек банклари учун амал қилинса, камида зиёнли бўлмайдиган айрим ёзилмаган қоидалар бор.
Масалан, йилнинг охирги чорагида банкда менежмент ёки ходимлар портфели алмаштирилмаслиги лозим. Чунки бу нисбатан қимматга тушади. Сабаби - ўзбек банклари йиллик мукофотлашни қоида тариқасида молиявий йилнинг охиригача ишлаган менежменти ва ходимларига нисбатан амалга оширади. Шунинг учун йил охирида бир банкдан иккинчисига ўтаётган менежер ёки ходим бозордагидан юқорироқ даражада ҳақ талаб қилади. Бутун бошли янги жамоа (команда) яратиш учун ҳам йил охири ўнгай вақт эмас.
Шунингдек, йилнинг охирги чорагида банклар мижоз овлаш тадбирларининг самараси юқори бўлмайди, ҳаракатлар ва харажатлар ўзини яхши оқламайди. Чунки йилнинг охирида аксар бизнес субъектлари банк реквизитлари алмашиниши ортидан ўзининг ҳамкорларини йўқотишни, буюртмалар портфели камайишини маъқул кўрмайди. Тўртинчи чорак бизнесга тушумлар борасида ҳал қилувчи давр ҳисобланади.
Мижоз овлаш ва арзон тарифлар таклиф этиладиган акциялар учун энг қулай давр одатда бизнес учун "ўлик мавсум" ҳисобланадиган январь, июнь-июль ва рамазон ойлари ҳисобланади. Мазкур даврда бизнес эгалари одатда дам олишда бўлади, лекин қарор қабул қилишда катта ўринга эга бўлган иш бошқарувчилар ва бухгалтерлар кўнглига қўл солиш учун айни қулай вақт бу.
Яна капитал етарлилиги билан боғлиқ фаолияти чекланган аксар банклар тўртинчи чоракда, айниқса декабрь ойида депозит жалб қилиш ва корпоратив бизнес учун фаол кредитлашни тўхтатади. Буям хато тактика. Айнан декабрнинг иккинчи ярмида фаол кредитлаш тадбирларини бошлаш лозим. Чунки ресурс жамғариш, лойиҳаларни танлаш ва тайёрлаш барибир камида 15-20 кун вақт олади ва молиялаш амалда банкларнинг соф фойдаси капитал таркибида тўла акс этган январь ойида рўй беради. Бу ишларни январда, қишки таътиллардан кейин бошлаган банклар эса амалда бир ойдан кўпроқ вақт ютқазади - кредит қўйилмаларини ўстиришга фақат февраль ойига келибгина эриша бошлайдилар, бу эса янги молия йили ҳисобидан 30-45 кунлик маржа йўқотиш дегани.
@the_bakiroo