📚 Madina Musayeva 🎧 kanalidan
“Қаттиқ толиққанимда Тошкент қуёшининг асалдек қуюқ нурларини эслайман … Ток баргларининг чинни каби ялтираши, кесилганда мисоли кўз ёшдек дурланувчи қаҳрабосимон қуритилган қовун бўлаклари, ич-ичидан олтиндек товланиб турувчи ўриклар, атрофида сариқранг арилар парвона тўп-тўп қора узумнинг муаттар оромбаҳш иси”. (Дина Рубина, “Кўчанинг қуёшли томонида”)
Икки йил муқаддам Ўзбекистонга қайтганимда, қизимни Бухорога олиб бордим. Ватани гўзаллигини фақатгина YouTube видеоларидан эмас, ўз кўзи билан кўриб, қалби билан ҳис қилсин, дедим. Шаҳарни обдон айландик, ғурурланиб тарихий фактларни айтиб бердим, қайси юртдан, кимнинг авлоди эканингни ҳеч қачон унутма, дедим.
Сўнгра Тошкентга қайтдик. Қаердан ўтсак ҳам ҳаёлимдаги хотираларни кучим борича тиклаб, қизимга айтиб беришга ҳаракат қилардим: “Биласанми, Хадрадаги мана шу бинолар ортидаги маҳаллада бир неча авлодлик ҳовлимиз бўлган; мана бу коробкасимон ясси бино бўлмаган ва тарихий соат битта бўлган ўсмирлик вақтларимда, паркда дугонам билан бир неча асрлик дарахтлар соясида юриб, радиога борардим; анави ерда “Қозоғистон” номли кинотеатр бўларди, илк маротаба кинога мактабдан 1-синфда олиб келишган; дарсдан қочиб “Парк Победа”га чиқардик; эсингдами, “Севишганлар” фильмидаги кадрлар, трамвайлар шундай югурарди…” Томоғимга нимадир тиқилди, қизимга Бухорои шарифдан сўнг ўз она шаҳримда, аждодларим кўмилган ерда нимани кўрсатай? Янги мачитларними? Шаҳар марказидаги қўлини чўзиб турган ҳайкалними? Музейларними? Ялтироқ биноларними? Гипермаркетларними? Нимани?!
Бузилган биноларнинг, майли, улар Совет давридан қолган бўлса ҳам, ғиштлари, ёҳуд кесилиб, увол кетган чинорларнинг ёғочлари қаерга кетган, балки айтишар, “мана шу ерда шаҳар тарихи кўмилган” деб, тарих варақаларига киритиб қўйилар…
Тошкентнинг ягона айби — марказлиги, ҳар бир даврда уни аввалги хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилгандек, гўёки тарих варақаларини юлиб олиб, қайта қуришга ҳаракат қилишади. Бечора, ягона, гўзал, севимли Тошкент… “2 200 йиллик тарихи бор”, деб тасвирланувчи, бироқ, негадир, на ўз “Колизейи”, на “Регистони” бор Тошкент. Қандай қилиб ҳам бўлсин, нафас олиб улгурмаса... Тарих бўлиш насиб этган, аммо ўз тарихига ҳаққи йўқдек Тошкент. Келиб-кетувчилар, кесувчи-бузувчилар, баҳоналарни эса… балки одамлар унутар, лекин тарих кечирармикан.
👉 @madnifique 👈