11K91Telegramda ochish

📚 Madina Musayeva 🎧 kanalidan

​​“Афғонистонда болалар кўп, аммо болалик йўқ”  Шу ҳафта вакцина олдим, аудио ёзиш ва монтаж қилишга унчалик энергия ва қунт йўқ, ундан кўра, гарчи бу китоб ҳақида кўп гапирилган бўлса ҳам, анчадан бери бўлишмоқчи бўлган асарим ҳақида ёзаман. 2005 йиллар эди чамаси, ҳамкасбим айтиб қолди: “Шу китобни ўқиб чиқ, мени йиғлатди”. Ҳайрон бўлдим, эркак кишини таъсирлантириб йиғлатадиган қандай китоб экан? Мана шундай қилиб Холид Хусайнийнинг “Шамол ортидан югуриб” романи билан танишдим. Бир нарса аниқ эсимда, уни ўқиганимда, худди юрагимни кимдир суғуриб олиб, ерга улоқтиргандек ҳис қилганман. Ўқиб ёки тинглаб кўрсангиз, албатта мени тушунасиз (постнинг тагида линклар).  Назаримда, Афғонистон ҳақида ёзиладиган сон-саноқсиз китоблар “планкасини” айнан шу, бестселлерга айланиб, миллионлаб нусхада сотилган асар юқорироқ даражага олиб чиққан. Бунга сабаблар кўп, улардан биринчиси, асар, қандайдир маънода, реал воқеалар асосида ва афғон иммигранти томонидан ёзилгани бўлса керак. Агарда билсангиз, Холид Хусайний Афғонистонда туғилиб ўсган ва ўсмирлигида -- ва бу ҳақида асарда ҳам сўзланган -- унинг оиласи собиқ СССР Афғонистонга бостириб кирган вақт атрофида АҚШда қочқин сифатида қўним топган. Асарнинг дунё юзини кўриш сабаби ҳам қизиқ: 1999 йилда АҚШ да шифокор бўлиб ишлаётган Хусайний Толибон томонидан варрак учириш тақиқлангани ҳақида янгиликларда ўқиб қолади ва бу янгилик “Шамол ортидан югуриб” нинг (инглиз тилида Kite Runner, сўзма-cўз таржимада “Варрак учирувчиси”) устида ишлашни бошланишига туртки бўлади. Иккинчи сабаб, китоб бутун дунёга Афгонистон урушини айнан болалар кўзи ва уларга таъсири позициясидан кўрсатиб беради. Тинчлик нималигини билмай ўсган авлодлар ҳақида. Учинчи сабаби, асар дўстлик, садоқат ва хоинлик, ҳамда “табу” мавзу бўлмиш ўғил болаларга қарши жинсий зўравонлик каби нозик масалаларни кўтаришидир. Тўртинчиси эса -- асарда этник дискриминация, яъни Афғонистонда баъзи этник гуруҳ вакиллари систематик тарзда таҳқирланиши муаммосининг очиб берилиши.  Китоб асносида Голливудда фильм ҳам олинган, менга унчалик ёқмаган. Фильм китобнинг, назаримдаги энг муҳим ғояси, яъни қаҳрамоннинг Достоевскийнинг Раскольникови каби виждон азобидан ўтиши ва кечирим томон йўлини очиб бермаган. Айни вақтда, фильм жуда катта шов-шув ва жанжалларга сабаб бўлган, масалан, Амир ролини ижро этган афғонистонлик актёрга ўлим билан таҳдид қилишган, фильмни суратга олган Paramount Pictures студияси бош ролдаги учта ёш афғон актёрларни ударнинг ҳаётига таҳдидлар сабабли бошқа мамкакатга кўчиришган, Афғонистонда фильм этник низолар келтириб чиқариши қўрқуви сабабли маън этилган.  “Дунёда битта оғир гуноҳ бор, бу – ўғирлик. У барча гуноҳларнинг отасидир. Қотил ҳаётингни ўғирлайди. Аёллардан эрини, болалардан отасини тортиб олади. Ёлғон бошқаларнинг ишончини ўғирлайди. Қаллоб адолатни ўғирлайди. Тушуняпсанми? Ҳаммасининг замирида ўғирлик ётади.” 👉 @madnifique 👈

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin