Тармоқларда ёш, ҳали вояга етмаган болаларни, молиявий имкониятлари етарли бўлмаган инсонларнинг онкологик касалликни даволаш умидида хайриялар орқали пул йиғаётгани ҳақида материалларни кўрсак, одамни кўнгли хира бўларди.
Ўзбекистонда ҳар йили 800 нафар бола саратон билан касалланади. Уларнинг 30 фоизигина тўлиқ даволаниш ҳамда тузалиб кетиш имкониятига эга.
Президентнинг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бу борада яхши ўзгаришларга умид яратди. Қарорда гематологик ва онкологик касалликларни даволашда бир қатор ижобий янгиликлар назарда тутилган.
Унга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб 9-14 ёшдаги ўсмир қизлар одам папилломаси вирусига қарши вакцина билан эмланади, 30-55 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни ва 45-65 ёшдаги аёллар орасида кўкрак бези саратони скрининги амалга оширилади;
2021 йил 1 июлдан бошлаб:
- гематология, онкология, клиник иммунология, трансфузиология ва шу соҳадаги лаборатория йўналишлари бўйича ёш мутахассисларнинг хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказлари иш жойларида малака ошириши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатлар;
- беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатлар;
- онкологик ва гематологик беморларнинг ҳудудлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида муаммолар талайгина, аммо яхши ижобий ўзгаришлар бўлаётганини ҳам эътироф этиш керак. Гематология ва онкология хизматларини такомиллаштиришга қаратилган янги қарорни худди шундай ижобий ўзгаришлар қаторига қўшиш мумкин.
Болаларимиз соғ бўлсин.