Аҳоли даромадлари юқори суръатда ошмоқда. Лекин рақамлар мундарижасига саволлар бор
Расмий статистикага ишонилса, 2021 йилнинг ўтган 6 ойида аҳолининг номинал даромадлари 23,1%га, реал даромадлари эса 10,8%га ошган.
Энг юқори даромадлар Тошкент шаҳри ва Навоий вилояти ҳиссасига, энг паст даромадлар эса Қорақалпоғистон ва Наманган вилояти ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда ҳудудлар ўртасидаги даромадлар тенгсизлиги ошиб бормоқда. Масалан, энг бой Тошкент шаҳри ва энг камбағал Қорақалпоғистонда аҳоли даромадлари фарқи ўтган йили шу даврда 2,73 баробарни ташкил этган бўлса, бу йил бу фарқ 2,88гача етган. Яъни мамлакатда нафақат аҳоли ўртасида, балки ҳудудлар ўртасида ҳам тенгсизлик кучайиб бормоқда.
Яна бир қизиқ ва айни пайтда саволли ҳолат. 2021 йил 1 июль ҳолатига жами даромадлардаги Шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар улуши 7,4%гача ошиб кетган. 2020 йил 1 июль ҳолатига бу кўрсаткич 2,4%ни, 2021 йил 1 апрель ҳолатига эса 2,5%ни ташкил этган.
Шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар улушининг бирданига 3 баробар ошириб юборилиши статистикадан фойдаланувчида катта шубҳалар уйғотади. Камида изоҳ берилиши керак.
Кўп сонли ўқувчилар Шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар нима ўзи, деган савол туғилади. Бу асосан томорқа ва шахсий хўжаликлар бўйича аниқ ҳисобга олиш қийин ва айни пайтда осон манипуляциялаш мумкин бўлган даромадлардир.