Аҳоли даромадлари ошмоқда. Таркибий ўзгаришлар бор
Расмий статистикага кўра, 2021 йилнинг уч ойида, аҳолининг жами даромадлари 22,1%га ўсган, даромадларнинг реал ўсиши 9,8%ни, жон бошига реал ўсиши эса 7,7%ни ташкил этган.
Жон бошига энг катта даромад ҳалиям Тошкент шаҳрида - 6,3 млн.сўм. Энг паст кўрсаткич - Наманганда - 1,9 млн.сўм.
Аҳоли даромадларининг реал ўсиши суръати бўйича Хоразм вилояти 11,2%лик кўрсаткич билан барча ҳудудларни ортда қолдирган. Бунда пул ўтказмаларининг ўрни алоҳида.
Ўзбекистонликларнинг жами даромадлари таркибида трансфертлар, хусусан, пул ўтказмаларининг улуши ўтган йилги 25,3%дан 27,7%га етган.
Мол-мулкдан (ижара, фоизлар, дивидендлар) олинган даромадлар улуши эса, аксинча 6,0%дан 3,7%гача пасайган. Мол-мулкдан олинган жами даромадларнинг 54,6%и фақат Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Бошқача айтганда, дивиденд олувчилар ҳам Тошкентда, депозитдан фоиз олувчилар ҳам, ижара даромадига эгалар ҳам Тошкентда жамланган.