Аҳоли жон бошига реал даромадлар 9,9%га ўсган. Бу янги давр учун рекорд
Расмий статистикага кўра, 2020 йилда аҳоли жон бошига умумий даромадлар 14,8 млн.сўмни ташкил этган. Аҳолининг умумий даромадлари 2021 йилга нисбатан 24,2%га ўсган. Жон бошига реал даромадларнинг эса 9,9%лик ўсиши қайд этилган. Бу 2017 йилдан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Дарвоқе, кризисли 2020 йилда жон бошига реал даромадлар атига 0,7%га ўсганди. Бу йилги ҳисоботда 2020 йилда жон бошига реал даромадлар 1,4%га қисқаргани кўрсатилган. Балки ҳисобларга янги корректировкалар киритилгандир, Расмий изоҳ берилса бўларди.
2021 йилда даромадлар таркибида Трансфертлардан олинган даромадлар ва мол-мулкдан олинган даромадлар улуши ортишда давом этган. Жами даромадларда меҳнат фаолияти - иш ҳақининг улуши йилма-йил камайиб бормоқда.
Гарчи йиллик ўсиш суръатлари энг пастлигига қарамай, Тошкент энг юқори даромадли ҳудудлигича қолмоқда. Пойтахтда жон бошига 30,2 млн.сўм даромад тўғри келади.
Юқори ўсиш суръатлари қайд этилган бўлсада, Фарғона вилояти энг кам даромадли ҳудуд ўрнида қолган. Жон бошига 10,9 млн.сўм.
Даромадлар таркибида ўз-ўзини банд қилганларнинг даромадлари улуши 37,4%ни, шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар улуши эса 6,5%ни ташкил этган.
Амалда формал равишда транзакцияларда акс этмайдиган ушбу кўришдаги даромадларни аниқ ҳисоблаш жудаям қийин. Шу маънода статистикамиз мазкур даромадларни қай тарзда ва қай услуб билан ҳисоблаб бораётгани жудаям қизиқ.