Даромадларнинг ўсиш суръатлари секинлашган: ўсишни асосан пул ўтказмалари ва ўзбандлар таъминламоқда
2025 йилнинг дастлабки чорагида аҳоли жон бошига реал даромадларнинг ўсиши 7,6%ни ташкил этган (ўтган йилнинг шу даврида ўсиш 9,2%дан иборат бўлганди).
Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Фарғона вилоятида (14,5%), энг паст суръатлар эса Жиззах вилоятида (2,9%) қайд этилган.
Жон бошига энг юқори даромадлар Тошкент шаҳрида (15 859,0 минг сўм), энг паст даромадлар эса Наманган вилоятида (3 966,0 минг сўм) бўлиб қолмоқда. Мазкур ҳудудлар орасидаги фарқлик бир йил ичида 3,75 каррадан 4 каррага етган.
Умумий даромадлар таркибида ўтган йилнинг тегишли даврига солиштирганда трансфертлардан олинган даромадлар (29,9%), мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар (27,7%) ва мол-мулкдан олинган даромадлар (4,7%) улуши ортишда давом этмоқда. Ўтган йили улушлар мос равишда 27,8%, 27,1% ва 3,7%ни ташкил этган эди.
2025 йилнинг январь-март ойлари бўйича аҳолининг умумий даромадлари таркибида (бошқа жорий трансфертлар таркибига кирувчи) республика ташқарисидан келиб тушган пул ўтказмаларининг улуши 19,5 % ни ташкил этган (ўтган йилнинг шу даврида 15,8%). Бошқача айтганда, даромадларнинг ўсишида пул ўтказмаларининг таъсир омили жуда юқори бўлган.
Андижон вилоятида жами даромадлар таркибида пул ўтказмалари ҳажмининг улуши 33,0%ни ташкил этган.