Пойтахт марказида номи улуғ мактабларга рақобатчи пайдо бўлди
Тармоқ фойдаланувчилари Тошкентнинг қоқ марказида, Пойтахт савдо марказининг биқинида, ҳовлиси машҳур Бродвейнинг бир қисмини ҳам эгаллаган Diplomat International School хусусий мактаби пайдо бўлганига эътибор қаратмоқдалар.
Шу пайтгача пойтахт марказида мактаб, мактаб бўлгандаям ўзини элита деб ҳисоблайдиган, зеби-забар ва ташқи кибрларга тўла мактабларга талаб ҳаддан зиёд юқори бўлган. Ҳукумат, вазирлик ва идораларнинг юқори мартабали амалдорлари фарзандлари шу атрофдаги номи улуғ давлат мактабларига боради. Ушбу мактабларга талаб шунчалар юқорики, масалан ўқувчиларнинг улар яшайдиган микроҳудудларга бириктирилиши, деган қоидалар бу мактабларга келганида четга чиқиб туради. Ахир ўзбек чиновникларига истисно қилмай бўладими?
Очиқ манбаларга кўра, Diplomat International School да 1 ойлик ўқиш 4 млн.сўмни, кириш взноси эса 3 млн.сўмни ташкил этади. Сентябрдан кейин ва пойтахт марказида яна бир филиал очилганидан сўнг балки нархлар ошган бўлиши ҳам мумкин.
Лекин масалан, формал равишда давлатга қарашли номи улуғ мактабларда "ўқиш нархини" ҳеч ким очиқ айта олмайди. Бу нарх бир неча минг долларга етадиган суммаларда акс этиши ҳам, ёки маъмурий қийматга эга бўлиши ҳам мумкин.
Албатта, шахсан мен пойтахт марказида ўзларини киборлар маскани деб ҳисобловчилар ўқийдиган давлат мактабларига рақобатчи пайдо бўлганидан жудаям хурсандман. Балки хусусий мактаб фонида аста-секин ота-оналар ташқи кўриниши қуруқ фасад ва кибрдан иборат давлат мактабларининг асл сифатини ҳам англаб етишар.
Мен хусусий таълим муассасалари орасида етарли репутацияга эга хусусий мактаб бўйича жамоатчилик наздида, худди анову номи улуғ мактабларга нисбатан бўлгани каби ёвуз имидж билан боғлиқ саволлар пайдо бўлишини истамайман. Шу маънода пойтахт марказида пайдо бўлган хусусий мактабни олқишлаган ҳолда, бошқа тармоқ фойдаланувчилар каби менда ҳам савол туғилади. Қандай қилиб хусусий мактаб жамоатчилик макони ҳисобланган Бродвейнинг бир қисмини ҳовли ўлароқ "эгаллаб олган"?
Сотиб олишган бўлса, бош устига. Қанчага ва қайси аукционда? Аукционда кимлардир яна иштирок этдими?
Агар ижарага олинган бўлса қайси ва қандай битимга кўра? Ижара ҳақидаги маълумотлар эълон қилиндими?
- https://diplomat.school/diplomat.school
- https://www.afisha.uz/gorod/2021/08/09/school/afisha.uz