Яна бир ойлик хизмат ҳақида
Бир ойлик хизматга пул тўлаган лекин 27 ёшга тўлиб қолган чақирилувчилар муаммоси тўғрисида аввал ёзган эдик.
Мудофаа вазирлиги бу бўйича расмий муносабат билдирипти.
Унда хусусан, фуқаролар 27 ёшга тўлгандан сўнг ойлик ҳарбий йиғинга жалб этилмаслиги кўрсатилган.
Хўп майли, 27 ёшга тўлганлар 1 ойлик хизматга чақирилмас экан, сафарбарлик чақирилуви хизмати учун тўланган пуллар нега фуқароларга қайтарилмайди? Ахир чақирилув амалга ошгани йўқ-ку. Бошқача айтганда, таклиф этилган хизмат амалга ошгани йўқ, табиийки, харажатлар ҳам юз бермаган.
Бир ойлик чақирилув учун тўланадиган 5 778 660 сўм (меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7,03 баробари) пул кичкина пул эмас. Қишлоқларда бу пулга 5-6 ой тирикчилик қилинади.
Мен тушунаман, бу қийматнинг калькуляцияси бордир, унинг ичида чақирилувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш, транспорт харажатлари, озиқ-овқат, экипировка, ётоқ харажатлари ўтиради.
1 ойлик хизматга чақиришгача давлат фақат тиббий кўрик билан боғлиқ харажатларни амалга оширади холос. Демак, фуқаро 27 ёшга тўлиб қолса-ю, харбий хизматга чақирилмаса, тўланган маблағ, тиббий кўрик харажатларини чегириб қолиб, тўловчига қайтариб берилиши керак.
Ҳарқалай иқтисодий мантиқ ҳам, адолат ҳам шуни талаб қилади. Армиямизнинг юзи учун ҳам адолат керак.
Ҳурматли депутатларимиз бу масалага эътибор қаратсалар бўларди. Чунки чақирилувчилар ҳам сайловчилар, қонун-қоидаларимизда уларнинг манфаатлари ифода этилиши зарур.
@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/4002@the_bakiroo
- https://mudofaa.uz/7836/mudofaa.uz
- https://mudofaa.uz/7664/mudofaa.uz