Экспорт йўналишимизда Хитойнинг Россиядан ортда қолиши янада тезлашган
Ўтган ойда Ўзбекистондан амалга ошириладиган экспорт ҳажми бўйича Россия Хитойни қувиб ўтган эди. Ташқи савдо статистикаси кўрсатмоқдаки, августда бу фарқ янада катталашган. Гап фақат Россияга экспорт (эҳтимол "параллел импорт" доирасида) жуда юқори тезликда ўсаётганидамас, Хитойга экспортнинг ўсиши секинлашиб қолганида. Очиқланадиган товар позициялари бўйича олинса, масалан, Хитойга мева-сабзавот экспорти улуши пасайиб бормоқда. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти эса 2 баробардан кўпга камайган. Албатта, агар биз истагандек, товар позициялари бўйича статистика эълон қилинганида эди, муаммолар илдизига янада чуқурроқ кирса бўларди.
Энергия генератори машиналари ва асбоб учкуналари экспорти 21 баробарга, саноат ва машина қисмлари учун махсус бўлмаган машина ва ускуналар экспорти 3,5 баробарга ўсгани жудаям эътиборли. Ишқилиб, бу Россияга, "параллел импорт" сиёсати доирасидаги экспорт эмасми? Агар шундай бўлса, оқибатлар, айниқса санкцион оқибатлар қандай кечади?