"Ақл пароходлари" охирги йўловчиларини чорламоқда: 28 сентябрь "темир эшиклар" тақа-тақ ёпиладиган кунми?
Тобора жиддий ва саҳиҳ манбалар фейк-референдумлар тугаши билан, Россия чегаралари сафарбарлик ёшидаги барча эркаклар учун бутунлай ёпилиши ҳақида маълум қилишмоқда. Кремль ҳали бу хабарларни рад этгани йўқ, тасдиқлагани ҳам йўқ.
Кўпчиликда савол туғилиши мумкин: нега мобилизация эълон қилинган куниёқ , яъни 21 сентябрдан чегаралар ёпилмади? Нега беш кундан буён потенциал аскар бўлиши ммукин бўлган россияликларни қочишига йўл қўйиб берилмоқда?
Назаримда, бу саволга жавоб норозиликлар қўрқуви ва бу билан боғлиқ аниқ прогнозлар ва баҳолашлар йўқлиги билан изоҳланади. Яъни, Кремль сафарбарликка қарши энг норози қатламни, кўчаларни тўлдирадиган, мантиқли савол ва талабларни қўя оладиган, керак бўлса урушни тўхтатиш талабларини сиёсий жиҳатдан каналлаштира оладиган, бир сўз билан айтганда — ақл қатламини чиқиб кетишини аввалбошдан ўзи истамоқда.
Ростанам, кимдаки озгина бўлсада ўзини ўзи асраш функциялари сақланиб қолган бўлса, кимдаки савол ё эътироз бўлса, кимдаки Россиядан қочишга молиявий имконият бўлса, ҳамма қочмоқда. Турли маълумотларга кўра, оҳирги беш кунда Россиянинг бир миллиондан ортиқ мобилизация критерияларига тушадиган эркаклар тарк эта олган.
Кремль ва ФСБ "протест буғи"ни ўзига қулай шартларда чиқариб юбориш ҳадисини жуда яхши ўзлаштирган. Яна бир-икки кун ва "қозоннинг тагида" фақат "топшириқ келса, албатта бажарамиз" деган тоифа қолади ва бу зомби тўдаларда ҳеч қандай протест потенциали мавжуд бўлмайди.
Образли айтса, 21 сентябрдан бошланган ва яна бир икки кун давом этадиган буюк қочиш роппа-роса 100 йил аввал Россияда совет тузумига қарши бўлган илм ва зиё аҳлини мамлакатдан қувиш бўйича қонхўр большевиклар уюштирган "Файласуфлар пароходлари"га жуда ўхшаб кетади. Фақат масштаб бу сафар юзлаб баровар кенгроқ ва чуқурроқ. "Ақл пароходлари" шу кунларда ўзининг охирги сафарларига чиқмоқда. Кейин темир эшиклар тақа-тақ ёпилади.