Ҳаммаси бойларга: Омонатларни чекланмаган миқдорда кафолатлаш бойларнинг манфаатларига хизмат қилади
Кун туғса ҳам бойларга, ой туғса ҳам бойларга Ўзбекистонда. Ҳаммаси бойлар учун шиори ҳаттоки омонатларни ҳам четлаб ўтмаган.
Чунки фақат Ўзбекистонда банкдаги омонатлар суммасидан қатъий назар мажбурий кафолатланади. Табиийки, бундан майда омонатчилар эмас, банкларда миллиардлаб пул сақлайдиган йирик омонатчилар, яъни бойлар фойдаланишади.
Айтайлик, сизда 10 миллион сўм омонат бор дейлик. Давлат, банк қиёфасида бу омонатингизни қайтарилишини кафолатлаш учун ҳар чоракда 0,25%дан, яъни 25 минг сўмдан, йилига эса 100 минг сўм харажат қилади.
Бойлар учун эса бу сумма мегамиқдорни ташкил этади. Масалан, банкда 10 млрд.сўм омонат ушлаётган бойнинг омонати кафолати учун давлат ҳар чоракда 25 млн сўм, йилига 100 млн. сўм сарф қилади. Кўламни кўз олдингизга келтирдингизми?
Нима бўпти деманг. Омонатларни кафолатлаш учун, масалан бу йил камида 600 млрд.сўм ажратма қилинади ва бу харажат барибир якунда барча банк хизматлари истеъмолчилари бўйнига тушади. Яъни қайсидир олигархнинг миллиардлаб омонати кафолати учун Халқ банкидан ижтимоий ёрдам оладиган темир дафтардаги камбағал мижоз ҳам товон тўлайди.
Бошқа давлатларда қандай? Узоққа бормаймиз. Қўшни, биздан беш карра бой Қозоғистонда омонатларни кафолатлаш бўйича қуйидаги шкала амал қилади:
Миллий валютадаги Жамғарма омонатлар бўйича 20 млн.тенгегача (500 млн.сўм);
Миллий валютадаги Карточка, ҳисобварақ ва бошқа депозитлардаги омонатлар учун 10 млн.тенгегача (250 млн.сўм);
Хорижий валютадаги Карточка, ҳисобварақ ва бошқа депозитлардаги омонатлар учун 5 млн.тенгегача (125 млн.сўмгача).
Юқорида кўрсатилганидан ортиқ миқдордаги омонатлар учун давлат кафолат фонди мажбурият олмаган. Яъни ундан ортиқ омонати бор мижозлар, ўзларининг хоҳишларига кўра ўзлари пул тўлаб омонатларини суғурталашлари мумкин.
Нега бизда бундаймас? 2023 йил дастурига кўра, “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чииқш кўзда тутилмоқда. Лекин бойсевар ҳукуматимиз ва бойсевар парламентимиз бу қонунни ўтказишармикан? Ўтказганда ҳам бойларнинг кафолат имтиёзларидан воз кечишармикан? Мана масала қаерда.
Омонатларни кафолатлаш тизимимиз расвои радди бало экани ҳақида илгари ҳам кўп ёзганмиз. Мана бу ерда ва мана бу ерда амалдаги тизимнинг муаммолари ва таклифлар баён этилган.
- https://taklif.strategy.uz/dd/strategy.uz
- https://t.me/the_bakiroo/113@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/115@the_bakiroo