Чироқлар ўчирилишидан аввал ХВЖ кредитига мурожаат қилинади
Беҳзод Ҳошимов оғир иқтисодий аҳволда қолган Миср, Ливан ва Покистон каби мамлакатларнинг Халқаро валюта жамғармаси ёрдамига мурожаат қилишларида умумий маҳраж йўқлиги ҳақида ёзмоқда.
Лекин умумий маҳраж бор. Бу маҳражни қисқа қилиб нотўғри иқтисодий сиёсат деб аташ мумкин. Элитанинг пул ишлаш учун ўйлаб топадиган самарасиз лойиҳалари ва зарарли қарорлари ҳамда халқ учун иқтисодий популизм ва кучли ижтимоий сиёсат иллюзияси бунда ташриф қоғозига айланиб қолган.
Покистон масаласида ўтган йили юз берган табиий офат ҳам сабаб эмас. Тошқинлар юз бериши керак бўлган воқеликни тезлаштирди холос. Энди ХВЖ диктовкаси остида девальвация, солиқларнинг оширилиши ва энергия нархларининг кўтарилиши самара бермайди. Охирги 25 йил ичида ХВЖ шартларида амалга оширилган қутқарув дастурларининг биронтаси самара берганини билмайман.
Шунинг учун ислоҳотлар вазият тагига олиб бўлгач, халқ ва ҳукумат ўртасида ишонч қолмаганидан кейин эмас, олдиндан, нисбий барқарорлик шароитида, миллий консенсус ва манфаатлар асосида амалга оширилиши керак.
Ҳа, айтгандек, саналган давлатлар ихтиёрида ҳозирда муқобил вариантлар борми, деб сўрашаяпти. Ҳа, бор. Бу Хитой ёрдами. Лекин бу ХВЖнинг ёрдам дастуридан ҳам ёмонроқ оқибатлар, нафақат иқтисодий шартларни, сиёсий қарамлик шартларини ҳам ўз ичига олади.