Ташқи савдо статистикасида ғаройиб ўзгаришлар ва илк ташвишли сигналлар
Январь ойи ташқи савдо статистикасининг энг ҳайратли ҳодисаси, йўқ, бу 1,2 млрд.долларлик олтин экспорти эмас. Бу Германия импортда биринчи рақамли ҳамкоримизга айлангани. Январда Германиядан импортимиз ҳажми 490,8 млн.долларни ташкил этган ва немис дўстлар ҳатто Россия ва Хитойни ҳам ортда қолдирган. Хўш, январда Германиядан нима импорт қилган бўлишимиз мумкин? Бунга кўп танқидга учрайдиган статистикамиз жавоб бермайди.
Яна бир муҳим воқелик Литва ва Франциянинг ТОП-10 савдо ҳамкорлар рўйхатига кириб қолгани. Литвадан 105 млн.долларлик, Франциядан 73,5 млн.долларлик импорт амалга оширганмиз. Яна таркиби номаълум. Самолет олганмизми? Аслаҳами?
Ҳа, дарвоқе. 2022 йилда экспортимиз таркибида жуда катта ҳажм ва улушга эга бўлган, билгувчиларда анча кўп саволлар ва шубҳалар туғдирган "Энергия генератори машиналари ва асбоб-ускуналари" ва "Саноат ва машина қисмлари учун махсус бўлмаган машина ва ускуналар" моддалари йўқ бўлиб қолган. Бу моддалар ўрнига "Электр алоқаси, овозни ёзиш ва овозни эшиттириш аппаратуралари ва ускуналари" (5,4 марта ўсиш) ҳамда "Канселярия машиналари..." (49,1 марта ўсиш) дегич моддалар қўшилиб қолган. Коди очиқланмаган товар ва хизматлар исталган моддага қўшиб, исталган моддадан чиқариб юбориш мумкин бўлган ўзбек статистикаси учун бу фавқулодда оғир иш эмас.
Шунингдек, январда 3,7 млн.долларлик газ экспорти қайд этилган (Хитой статистикаси ҳали очилмади). Электр экспорти эса, статистикага кўра, негадир умуман юз бермаган.
Январда атига 20 минг долларлик газ импорти кўрсатилган. Электр импорти эса умуман бўлмаган. Лекин кўмир импорти сезиларли даражада ўсган.
Импорт таркибидаги энг катта ўсиш таркиби номаълум "Бошқа транспорт ускуналари"га тўғри келади. Январда 634,1 млн.долларлик шу тоифадаги импорт рўй берган. Бу ўтган йилдагига нисбатан нақ 352,4 марта кўп.
Ўтган йили гуркираган хизматлар импорти эса ўсишдан деярли тўхтаган. Балки шу йўл билан четга олиб чиқиб кетиладиган пулнинг ўзи қолмаган бўлишиям мумкин.
Январь ойи ташқи савдо статистикасининг энг асосий сигнали эса қуйидагича:
Олтинсиз экспорт камтаргина 6% ўсган ва 900 млн.доллардан сал ошган холос ва у ҳам бўлса асосан битта давлат ҳисобига (бир уринишда топинг). Товарлар экспорти эса қисқара бошлаган (636,4 млн.доллардан 627,5 млн.долларгача). Олтинсиз экспорт ўсишдан деярли тўхтаган, товарлар экспорти қисқара бошлаган ойда импортимиз 40%га кўпайиб, қарийб 3 млрд.долларга етган.
Импортнинг кескин ўсиши ҳисобига олтин-валюта захираларимиз қачонлардир мақтанганимиздек 24 ойга эмас, 20 ойга эмас, 18 ойга эмас, 14 ойга эмас, энди 12 ойга етадиган даражани ташкил этади.
P.S. Статистика агентлиги қўшимча муносабатига кўра, январда Германиядан 6та, Литвадан 4 та, Франциядан 1та самолет сотиб олинган.