Табуга айланган мавзуми? Дарсликлар ва етишмовчилик
Ўтган йили дарсликлар ижараси кескин қимматлагани билан боғлиқ масала бир думалаб янги дарсликларни яратиш ва давлат буюртмаларини бошқатдан тақсимлаш ва янги бенефициарлар тарафидан ўзлаштириш томон бурилиб кетди.
Бир йил аввал дарсликлар муаммосига оид муҳокамалар расмий пропаганда воситаларидан тортиб электрон ОАВларгача асосий ўринни эгаллаган бўлса, бугун энди ижтимоий тармоқларни ҳисобга олмаса деярли ҳамма жим. Шунақа тасаввур уйғонадики, энди дарсликлар мавзуси, агар масала муаммоларга тақалса, тақиқда, табуда.
Жимжитликни бугун Hudud 24 бузди. Нашр янги ўқув йили бошланса-да, дарсликлар етишмаётгани, тўлиқ тарқатилмагани борасида ижтимоий тармоқларда янграётган норозиликларни бир жойга жамлаган.
Дарслик етишмовчилиги бутун ўрта таълимни - танланган элита учун ҳисобланган президент мактаблари, пули борларга мўлжалланган хусусий мактаблар ва ижтимоий адолатсизлик намунасига айланган давлат мактабларини қамраган. Кимдир ксерокопиялардан, кимдир электрон вариантлардан фойдаланмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига йўлланган саволлар Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази вазирлигига рўпара қилинган. Марказ эса Вазирликка стрелка кўрсатган.
Бу орада Комил Жалилов бир ойдан буён янги авлод дарсликларини яратишда юз берган бўлиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви ҳақида бонг урмоқда. Эксперт аниқ саволлар ва далилларни кўрсатган ҳолда Комил Алламжоновдан тортиб Ҳилола Умаровагача бўлган масъулларни очиқ мулоқотга чақирмоқда.
Ижтимоий тармоқлардаги ва ижтимоий ҳаётдаги муҳим ва эътиборли жараёнларни, одатда бу бўйича тақиқ бўлмаса, ўтказиб юбормайдиган ОАВлар жим ҳозирча.
P.S. Ёзда президент ва ихтисослаштирилган мактабларга ўтказилган имтиҳонлар вақтида пайдо бўлган саволлар очиқ қолгани ва қолаётгани, кун тартибига чиқарилмагани, очиқчасига игнор қилингани росмана иш берди. Муаммоларни ижтимоий тармоқлардан ОАВ кун тартибига чиқармасдан туриб, сукут билан жамоатчилик эсидан чиқартириш методичкаси қўл келди. Назаримда, бу сафар ҳам иш беради.
- https://hudud24.uz/nega-ukuvchilarga-darsliklar-etishmayapti-hudud24-surishtiruvi/hudud24.uz
- https://t.me/jalilovqaydlar/1077@jalilovqaydlar
- https://t.me/jalilovqaydlar/1078@jalilovqaydlar