Муаммо ҳақида очиқ ёзиш мумкин экан, хатоларни ҳам очиқ тан олиш бошланиши керак
Бу ўқув йилида дарсликлар билан боғлиқ муаммолар, ўтган йилги воқеалардан кейин алоҳида эътибор ва назоратга олинганига қарамай, қанчалик ғалати туюлмасин, янада мураккаблашган. Бир тарафда дарсликлар мактабларга етказилмаётган, ўқувчилар дарсликларсиз таълим олишаётган бўлса. иккинчи тарафда бошланғич синфлар учун "фин тажрибаси" асосида ишлаб чиқилган "мутлақо янги" дарсликлар қатор хатолари учун ота-оналар томонидан, дастур ва услубиётдаги зиддиятлар бўйича экспертлар тарафидан танқидга учрамоқда. Танқидлар сентябрнинг 15 куни давомида оммавий ахборот воситалари юзини кўрмади, тармоқлардан нарига чиқмади, чиқарилмади, топ блогерлар назарига тушмади.
Кеча катта учликка кирувчи Газета мактаб дарсликлари мавзусида жиддий чиқиш қилди, ҳозирча материал ўчиртирилгани йўқ. Демак, ёмон гумонга бориб, ўйлаганимиздек, бу масалада цензура йўқ. Гапирса бўлади, ёзса бўлади.
Лекин муаммонинг эгаси бўлган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам, бир думалаб Дарсликлар вазирлигига айланиб қолган Таълимни ривожлантириш маркази ҳам ва тайинланган "бош пудратчи" "Новда" вакиллари ҳам, худди келишиб олишгандек, жим-жит. Одатда айбдорлар ўзларининг айбини билганида, қовун туширишганида ёки ўзларининг ҳимоясига айтадиган сўзи бўлмаганида шундай йўл тутишади.
Ҳозир масала ким айбдорлигини аниқлашда ҳам эмас аслида. Дарсликлар ва айниқса бошланғич синфлар учун "мутлақо янги дарсликлар" билан боғлиқ муаммони тан олмай туриб, хатоларни тузатмай, илк тажрибалардан хулосалар ясамай туриб, юқори синфлар учун "мутлақо янги дарсликлар"ни яратишда кейинги қадамларни қўймаслик керак.
Ҳеч бўлмаганда шунга умид қилсак бўлар?
Нима дейсизлар?