Humo билан боғлиқ муаммолар онлайн банкларнинг ожиз томонларини ҳам кўрсатиб берди
Охирги уч кун ичида Humo карталари орқали мобил иловаларда тўловлар ва P2P-ўтказмаларни амалга оширишдаги муаммолар 2018 йил сентябрда икки кун давомида Uzcard тизими инфраструктураси фаолиятсиз қолганлигини эслатиб юборди. Ўзи ўша нохуш воқеалар сабаб Ўзбекистонга альтернатив тўлов тизимлари зарурияти англаб етилган ва Humo тўлов тизими ва унинг оператори «Миллий банклараро процессинг маркази» ишга тушганди.
3 кун аввал бошланиб бугун эрталабгача бартараф этилган муаммолардан маблағларини фақат Humo'да сақловчилар ва ўз банк фаолиятини фақат Humo орқали йўлга қўйган банклар энг кўп жабр кўришди. На Яндексда, на Узумда, на Паймеда тўловларни Humo карталари орқали амалга ошириб бўлди. Онлайн банкларда онлайн омонатларини сақловчилар бир неча соатдан тўлиқ суткагача вақт давомида омонатлардан фойдалана олишмади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида терминал эгалари томонидан гўёки "Humo тўлов тизими бир неча кундан буён ишламаётганини" рўкач қилиб, харидорлардан тўлов учун Humo картасини қабул қилишни рад этиш ҳолатлари кўпайди. Бу, афсуски, бугун ҳам давом этмоқда. Ваҳоланки тизим эрталабдан буён узлуксиз ва барқарор ишламоқда.
Албатта, Humo'даги муаммолар бўйича тегишли хулосалар қилинади, зарурий техник занжир ва ечимлар мукаммаллаштирилади.
Лекин банклар ва фойдаланувчилар ҳам тегишли хулосалар қилишлари керак. Айниқса ўзларини Ўзбекистонда онлайн банкинг етакчилари деб билган банклар фақат Humo'га боғланиб қолмасдан, бошқа глобал - Visa ва Mastercard тизимларини миллий валюта билан боғлиқ экотизимдаям ривожлантиришларига тўғри келади.
Мижозлар эса пулларни бир саватда ушламаслик принципини нафақат банкларга нисбатан, карталар боғланган тўлов тизимларига нисбатан ҳам қўллашлари лозим бўлади.