Умидимиз урандан
Шунча тариф ва нотариф тўсиқлар, ошкора протекционизмга қарамай, мувозанати ёмонлашиб бораётган ташқи савдо шароитида асосий экспорт товарларимиз олтин ва миснинг юқори нархлари ҳам бизга унча ёрдам бераётгани йўқ. Яъни ушбу юқори нархларга серхаражатлигимиз ва самарасизлигимиз билан аллақачон кўникиб бўлганмиз.
Лекин тўсатдан юз бераётган геосиёсий ўзгаришлар баъзида фойдамизга хизмат қилмоқда ҳам. Уран билан боғлиқ ҳолат шу жумладан. Уруш бошлангандан кейин асосий глобал таъминотчи Росатомга нисбатан санкция қўлланиши эҳтимоли кескин ошди (бойитилган ураннинг ярми Росатом ҳиссасига тўғри келади). Яна бир йирик таъминотчи Нигерда жангариларнинг ҳокимиятга келиши ғарб давлатларининг муқобил уран манбаларига бўлган имкониятларини янада қисқартирди. Бу орада Қозоғистоннинг уран хом ашёси етказишни ошириш бўйича потенциали кутилганидан пастроқ экани маълум бўлиб қолмоқда. Мана шундай талатўплар силсиласида бир кило уран хом ашёсининг нархи 3 каррадан кўпроқ, 66 доллардан 225 долларгача кўтарилди.
Очиқ манбаларга кўра, Ўзбекистон глобал уран бозоридаги 5-давлат ҳисобланади ва йилига 3500 тонна уран етказиб беради. Уран хом ашёсини қазиб олиш билан Ўзбекистонда илгари НКМК таркибида бўлган, ҳозирда алоҳидалаштирилган Навоийуран давлат корхонаси шуғулланади. Очиқ манбаларда ушбу корхонанинг молиявий ҳисоботлари ва солиқ тўловлари ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Шунчаки маълумот учун, ўзбек уранининг асосий харидори бўлган Франция Ўзбекистоннинг 5- экспорт ҳамкорига айланди.