Ўғит Ўзбекистондаям қимматлашади
Эркин Абдулаҳатов Европа ва Осиёдаги асосий озиқ-овқат етиштирувчи мамлакатларда азотли ўғит етишмовчилиги ва қимматлиги юзага келтираётган муаммоларга эътибор қаратмоқда. Муаллиф олдин ҳам бу мавзуга бир неча бор тўхталган эди.
Айтиш керакки, бу муаммо Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди.
Биринчидан, энергия тарифларининг оширилиши минерал ўғитлар таннархига тўғридан-тўғри таъсир ўтказади. Кимё саноатимизнинг энергия самарадорлиги мақтагулик эмас, йиллар давомида тармоқ асосан арзон электр ва газ ҳисобига кун кўриб келган. Демак, янги тарифлар минерал ўғитларнинг бозор нархида бирдан бўлмаса ҳам, аста-секин акс этиб боради. Минтақавий ва вертикал монополия, давлат назорати кимё саноатида ҳам муаммолигича қолаётгани ҳисобга олинса ички нархларнинг ўзгариши балки кейинги йилга ўтказилиши ҳам мумкин. Лекин нархлар ошишини барибир четлаб ўтиб бўлмайди.
Иккинчидан, Россия Европа бозори учун асосий ўғит етказиб берувчи мамлакат ҳисобланади (ишлаб чиқаришда дунё бозорининг 12%ини назорат қилади, лекин экспортда мутлақ етакчи). Уруш ва унинг оқибатлари ихтиёрий равишда ёки санкциялар натижалари бўйича аввал шаклланган етказиб бериш занжирларини узиб ташламоқда. Табиийки, янги етказиб берувчиларга талаб юқори бўлади. Бу биринчи навбатда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўғит ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларига фақат қўшни давлатларда эмас, узоқроқ минтақаларда ҳам талаб шаклланади дегани. Ўтган ҳафтадаги йиғилишда Ўзкимёсаноат раҳбари бу йил экспортни 2 баробардан зиёдга ошириш ва 425 млн.долларгача етказиш ҳақида маълумот бергани ҳам бежиз эмас. Қолаверса, маржиналлик нуқтаи назаридан экспорт ички бозордаги сотувлардан афзалроқ, айни вақтда йўқотишларни қисман қоплайди ҳам.
- https://t.me/uzb_meteo/9063@uzb_meteo
- https://president.uz/uz/lists/view/5323president.uz