Беларусь фуқароларини четга чиқишини чекламоқчи
Янги қонун лойиҳасига кўра, мамлакат фуқароларининг четга чиқишини "Беларусь миллий хавфсизлиги манфаатларига мувофиқ эмас" формулировкаси билан 6 ойгача чеклаш мумкин бўлади.
Шунингдек, маъмурий иш қўзғатилган фуқаролар ҳам мамлакатни тарк эта олмайдилар. Илгари маъмурий иш бўйича суд қарори кучга кирган ва бу бўйича жарима қарздорлиги мавжуд фуқароларгагина бундай чеклов бўлган.
Шу пайтгача ҳам Беларусда ёқимсиз фуқароларни четга чиқармаслик учун маъмурий иш қўзғаб, қарздор қилиб қўйиш энг кенг тарқалган усуллардан бўлган.
Урушдан аввал ва айниқса урушдан кейин Беларусни аҳолининг энг креатив, фаол, ёш қатламлари тарк эта бошлагандилар. Лукашенко ҳокимиятни эгаллаб олган 2020 йил августдан кейин биргина Польшага 150 минг, Украинага 100 минг, Литвага 20 минг беларусь қочиб ўтган эди. Урушдан кейин Беларусни тарк этганлар статистикаси очиқланмаган.
Авторитар давлатлар мамлакатни тарк этишга турли чеклов ва тақиқларни қўллаб келадилар. Постсовет давлатларида энг кучли чекловлар Туркманистонда амал қилади (мамлакатни тарк этиш деярли имконсиз).