Идеал хаос ҳақида
Махсус Комиссиянинг қарори билан йўловчи ташувчи транспорт воситаларида Тошкент шаҳридан вилоятларга бориш ва вилоятлардан Тошкент шаҳрига кириш 2020 йил 24 мартдан бошлаб тўхтатилган. Ҳали махсус комиссиянинг бу тақиқни бекор қилиш борасидаги қарори бирон жойда эълон қилингани йўқ.
Лекин истанг - Нукусдан, истанг - Намангандан Тошкентга келиш мумкин, ёки аксинча. Бўлиши мумкинмас, тўҳмат, дейилса - ана постларда ўрнатилган камераларни кўтаринг. Вилоят автомашиналари пойтахтга кирмоқда ва пойтахт автомашиналари вилоятга қараб чиқмоқда.
Агар пойтахтга вилоятлардан кириш ва чиқиш чекловлари олиб ташланган бўлса, буни очиқ ва ошкора айтиш керак. Агар чекловлар олиб ташланмаган бўлса, Махсус комиссиянинг қарори талаблари изчил бажарилиши лозим. Буни бузганлар - постда туриб назоратни сусайтирганлар, йўловчилар, ҳайдовчилар - умуман ким бўлишидан қатъий назар.
Акс ҳолда постда ва назоратда турганлар учун товламачилик қилишга атайин идеал вазият яратиб берилган, деган хулосага келиш мумкин. Феълан, келишилса - йўлдаги постларда киши бошига 100 минг сўмдан пул ундириш ҳам мумкин, келишилмаса - автомашина эгасиниям, йўловчиларни ҳам жаримага тортиш, автомашинани эса жарима майдончасига тиқиш мумкин.
Карантин қоидаларини очиқчасига бузиш орқали ўтказилган кечаги тадбирлар ва бугун Қанотчи ресторани ишга тушгани ортидан кулишниям, йиғлашниям билмайсан.
Ё шунақа идеал хаосга - дўстларга (чиновникларга) ҳамма нарса, душманларга (оддий одамларга) эса қонун тиқиштириладиган янги замонга қадам қўяяпмизми?
@the_bakiroo