Мактаблар мажбурий овоз бериш маконига айланган
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборотига кўра, умумтаълим мактаблари мажбурий овоз беришда етакчилик қилмоқда. 1282 ишонч телефони ва тармоқларда қолдирилаётган шикоят ва мурожаатларнинг энг катта қисми — деярли ярми айнан мактаблардан.
Овоз беришга мажбурлаш бўйича кейинги ўринни тиббиёт муассасалари эгаллаган.
Ўзи айнан мактаб ўқитувчиларига мажбурий овоз бериш ҳолатларини камайтириш мақсадида, Ташаббусли бюджет иккинчи мавсумини ёзги таътил вақтида ўтказишга қарор қилинганди. Кўринаяптики, ҳатто ёзги таътил вақти ҳам ўқитувчилар учун мажбурлашдан хавфсиз ва холи пайт эмас экан. Тармоқларда ўқитувчиларга келаётган ўқув йилида камроқ дарс тақсимлаш ёки дарс бермаслик қўрқитуви билан овоз йиғишга мажбурлаш юз бераётгани ҳақида кўп ёзилмоқда.
Ҳар йили янграйдиган ўнлаб баёнотлар, ваъдалар, махсус қонунларга қарамай, Янги Ўзбекистонда ўқитувчиларни мажбурий меҳнат ва овоз йиғишдан тортиб, ҳашар учун бир кунлик маошни ўтказиш, пахтага теришга одам ёллашгача бўлган ноқонуний ишларга жалб қилиш тўхтагани йўқ.
P.S. Ҳурматли ўқитувчилар, овоз йиғишга мажбурлаш кўпга келган тўй экан, деб қўл қовуштириб ўтирманг. Шикоят қилинг. 1282 ишонч телефонига мурожаат қолдиринг.
- https://t.me/minecofinuz/9920@minecofinuz