“Ҳаммага тенг рақобат бўлиши шарт”
Хорижий маркетплейсларга давлатнинг муносабати қандай, рўйхатдан ўтиш, солиқчилик, истеъмолчилар олдидаги масъулият нуқтаи назаридан муносабат қандай бўлиши керак?
Дарё нашрида бозор иштирокчилари билан шу мавзуда мулоқот қилдик.
Аввалроқ Ўзбекистон бозорини жадал эгаллаётган TEMU мисолида мавзу кўтарилган эди.
Мулоқот давомида янграган айрим мулоҳазалар:
“Гап фақат мен каби истеъмолчининг ёки тадбиркорларнинг саволида эмас, бу ўринда рақобат масаласи ҳам бор-да. Тенг рақобат, тенг имкониятлар бўлиши лозим. Тенг рақобат бўлмайдиган бўлса, тадбиркор жуда катта маблағ, вақт, ресурс сарфлайди, кутилган натижага эга бўлолмайди, бозор синади.
Қайсидир тадбиркор ёки қайсидир платформа қатъий қоидалар йўқлиги туфайли тирқишлардан фойдаланиб бозорни эгаллаб олади, бундан давлат ҳам ютмайди, истеъмолчи ҳам ютмайди, чунки истеъмолчининг олдидаги жавобгарлик мавжуд эмас”.
“Аввало, уларнинг вакиллиги бўлсин, Ўзбекистонда юридик шахс кўринишида ваколатхона ташкил этилиши керак. Шунингдек, истеъмолчи билан икки томонлама муносабатлар бўлиши керак. Шу каби муносабатларни тартибга солиш учун регулятор керак. Рақобат қўмитаси бўладими ёки Истиқбол лойиҳалар бўйича миллий агентлик бўладими... Мен ҳозир саволларимни кимга йўналтиришни ҳам билмайман”.
“Шундай яратилиши керакки, истеъмолчилар ютқазмасин. Биз танловга эга бўлишимиз, лекин танловимиз қонун қоидаларига бўйсуниши керак. Хоҳласа ушбу компаниядан фойдаланиши, хоҳласа бошқасидан. Мана шу манфаатлар ҳимоя қилиниши керак ва тенглик яратилиши керак”.