Ҳукумат ўзининг энг асосий функциясини эсдан чиқармаслиги лозим
Исталган нормал ҳукумат, сайланган парламентга ҳисобдор ҳукуматнинг бозорга, иқтисодиётга оид энг асосий вазифаси рақобат муҳитини рағбатлантириш ҳисобланади. Акси эмас.
Ҳукуматнинг бозордаги бир субъектнинг фойдасига чиқариладиган қарори бошқа бир субъектнинг, айниқса ўнминглаб истеъмолчиларнинг зиёнига ишламаслиги керак.
«FOOD CITY» мажмуаси ростанам рақобатбардош бўлса, буни соғлом рақобат йўли билан амалга ошириши лозим. Қўйлиқдаги бозорлар билан рақобатлашмоқчи экан, ижара нархларини, дўкон нархларини Қўйлиқдагидан каррасига қиммат эмас, каррасига афзалроқ қилиши керак. Йирик метро бекатларидан шаттлбаслар фаолиятини йўлга қўйиши зарур. Маркетинга эътибор бериш лозим. Ҳали сенларга кўрсатаман, мажбур бўлиб келиб дўконимни оласан ҳали, қабилида иш тутилмайди.
Ҳокимиятга эса ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ. Қўйлиқдаги иккита бозор эгалиги ҳокимият ихтиёрида, тошкентликлар номидан мутлақ мулкдори ҳокимият. Қандоқ қилиб ўзининг эгалигидаги бозорга терс қарор қабул қилиш мумкин? Нима, қандай сабаб бўлиши мумкин-ки бунга ундаса? Давлатнинг жуни қаерда тугаган? Шахсий жун қаерда бошланган?
Тепадаги, балки манфаатдор ёрдами билан кўприк баҳона бутун бошли бозорни ва ўнгминглаб бозорчи-ю, истеъмолчиларни пароканда ва хор-зор қилиш йўли якунда ҳамманинг зиёнига, Ўзбекистон имиджига қарши ишлайди. Ҳозир 10, 20 йил аввалги вазият эмас.
Тамға бўлиб қолади. Ўчмас тамға бўлиб.