Имтиёзларга шаффоф ишлаб, ишчиларга ойлик маошларни оширганлар муносиб
Янги таркибдаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши ва эксперт гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида ёзган эдик.
Очиқ мунозалар тарзида ўтказилган йиғилишда Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилган.
Хусусан, Президентнинг 2024 йил 27 декабрдаги ПФ-229-сонли фармонига кўра, чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарини қўллаб-қувватлаш, маҳсулот таннархини камайтириш мақсадида соҳада хуфиёна иқтисодиётни қисқартириш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.
Жумладан, Президентнинг ПҚ-104-сон қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан 2025 йил 1 январга қадар ижтимоий солиқнинг 1 фоизли ставкаси қўлланилиши белгиланган эди. Тадбиркорлик субъектлари ушбу имтиёз муддатини узайтириш бўича билдирилган таклифлари Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан кўриб чиқилган.
Имтиёз берилган даврлар таҳлилида, чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан имтиёздан фойдаланган корхоналарнинг ўртача иш ҳақи миқдори 247,5 фоизга ортгани таъкидланди.
Бироқ, ушбу имтиёздан тўлақонли фойдаланмаган корхоналар ҳам мавжуд. Уларда имтиёздан фойдаланганларга нисбатан ўртача иш ҳақи миқдори 2 баравар кам ортган.
Шуни инобатга олиб, ишчи-хизматчиларига ўртача иш хақи миқдори 3 млн сўмдан ортиқ ҳисобланганда, ушбу имтиёз муддатини узайтириш таклифи Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан илгари сурилмоқда.
Натижада чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан ишчи-хизматчилар сони ва иш хақи миқдори тўлиқ кўрсатилади ва бу буджетга қўшимча тушум заҳираси ортишига сабаб бўлиши таъкидланди.
Ушбу имтиёзлар берилиши натижасида ҳам белгиланган талабларни бажармаган корхоналарга 2025 йил 1 апрелдан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари томонидан биринчи маротаба огоҳлантиришдан сўнг уч кун муддатда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бартараф этилмаганда ёки такроран содир этилганда сайёр солиқ текширувини ўтказиш таклиф қилинмоқда.