"Бугун бозоримизнинг хориж автомобиллари учун тўлиқ очилиши – эртага ишсизлик, заиф иқтисодиёт ва қарамлик дегани"
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи савдо департаменти бошлиғи Иномжон Абдураҳмонов импорт электромобиллар учун утилизация йиғимини 4 карра оширилиши оқлаган ҳолда, ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашган. Давлат хизматчисининг постини мана бу ҳавола орқали ўқиш мумкин.
Амалиётга татбиқ этилаётган қарорларнинг мазмуни, давлат равнақи ва халқ фаровонлиги йўлидаги стратегик мақсадларини тушуниб етмасдан туриб, гўёки истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилаётгандек бўлиб, иқтисодий самарадорлик асосларига эга бўлмаган фикрларни билдириш мақсадга мувофиқ эмас, дея ўз чиқишини хулосалаган давлат хизматчиси қатор ноқулай саволларга жавоб беришдан қочган.
Хусусан:
5 йилдан бери ундирилаётган утилизация йиғими қани? Бу маблағлар нима учун ва қай мақсадларда ишлатилди? Ҳар йили триллионлаб йиғилаётган маблағлар ҳисобига биронта утилизация мажмуаси барпо этилдими?
Нима учун Uzauto Motors учун утилизация йиғимини тўламасликка имкон берувчи яширин имтиёзлар берилган? Қайси "саноатлаштириш" сиёсати принципларига таяниб, Uzauto Motors ' "монопол маҳаллийлаштирувчидан" божсиз импорт қилувчи ва олиб сотар чайқовчига айлантирилди? Сизларнинг "саноатлаштириш" сиёсатингиз амалда электромобиль импорти билан билан шуғулланаётган BYD Uzbekistan кабиларнинг олиб-сотар, чайқовчилик фаолиятини ҳам ҳимоя қилишни назарда тутадими?
Нима учун 30 йилдан бери ўзбекистонликларни устида ўтказилаётган тажрибаларга қарамай, автомобиль бозорида на танлов пайдо бўлди, на сифат, на таннарх пасайди? Нима учун автомобиль ишлаб чиқаришни "маҳаллийлаштиришда" 30 йилда иш бермаган тажриба электромобиллар борасида натижа беришига ўзбекистонликлар ишониши керак?
Газ ва бензин ёқилғисининг перманент етишмовчилиги фонида ягона рационал танлов бўлиб қолаётган электромобиллар импортига нисбатан кенгайиб бораётган чекловлар "яшил иқтисодиёт йили" мақсадлари билан қандай уйғунлашади?
Электромобиллар импортига нисбатан 2024 йилда бошланган ва тобора кучайиб бораётган турли чеклов ва тақиқлар қаерда тугайди? Сизлар ҳимоя қилаётган чайқовчи ва "маҳаллийлаштирувчиларнинг" иштаҳасининг пулдаги ёки бождаги қиймати ҳисоблаб кўрилганми? Яна қанча бож ва солиқлар қўшилса, сиз ҳимоя қилаётган гуруҳларнинг иштаҳаси қонади?