Уйда товуқ боқувчилар ўзини ўзи банд қилишлари мумкин, сартарош, риэлтор ва репетиторлар эса тадбиркорлик очиши керак бўлади
2026 йилдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 104 (+1) тадан 72 тага қисқаради. Янги ҳужжатга кўра, 34 та йўналишда ўзини ўзи банд қилиш мумкин бўлган фаолиятлар рўйхатидан чиқарилмоқда.
Рўйхатдан чиқарилган фаолиятлар орасида хизматлар соҳасида энг оммабоп бўлган сартарошлик, репетиторлик, гид-таржимонлик, риэлторлик, автомобиль устачилиги каби йўналишлар ҳам бор. Нега айни шу йўналишлар танлаб чиқарилаётгани ҳам қизиқ. Нима бўлгандаям, 9 ойдан кейин шу ва бошқа 34 йўналишда ўзини банд қилганлар ё хусусий тадбиркор ё юридик шахс очишлари керак бўлади. Ўзини ўзи банд қилишга 2020 йилда пандемия чекловлари пайтида рухсат берилган, кейинги йилларда эса рухсат берилган фаолиятлар фақат кенгайиб борганди (бандликнинг кенгайиши асосан шу восита орқали амалга оширилган).
Янги йилдан рўйхатга 3та фаолият қўшилмоқда. Уларнинг орасида уй шароитида хонаки товуқларни етиштириш ва кўпайтириш фаолияти ҳам бор.