Норасмий меҳнат бозорини оқартириш давом этади: Даллоллар ва маклерлар ўзини ўзи банд этганлар қаторига қўшилади
2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, автомобиль бозорларида воситачилик хизмати ва риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш) каби яна 10та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлаган фаолият турлари рўйхатига киритилади.
Давлат норасмий банд аҳоли тоифаларини расмийлаштириш ва оқартириш сиёсатини давом эттираётгани қувонарли. Одатда бу қатламни солиққа тортиш жуда қийин, бу мумкин бўлганида ҳам унинг маъмурчилиги жуда қимматга тушади. Шунинг учун энг тўғри йўл мазкур кулранг сегментни борича тан олиш.
Қарорда шунингдек, хусусий тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларига киришган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммаси йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари этиб белгиланмоқда (6 баробарга камайтирилмоқда).
Яна хусусий тадбиркорларга мураккаб бўлмаган қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишларига рухсат этилмоқда. Айни вақтда қурилиш-пудрат ташкилотлари хусусий тадбиркорларни умумий қурилиш ишларини бажаришга жалб қилиши ҳам мумкин бўлади.