Кўприклар қийматини уч карра шиширган муттаҳамлар китоблар нархини уч карра шиширишидан ҳайрон қолмаслик керак
Ўзбек чиновниклари узун дам олиш кунлари оёғини узатиб дам олиб ётган вақтда тармоқ қайнаб, қовурилиб, димланиб ётипти. Мактаб дарсликларининг ижара ҳақи 3, ҳатто 3,4 баробаргача қимматлаган. Ҳеч ким сайламаган ўзбек чиновнигига не муаммо? Боласи ё ҳамма харажати ичида бўлган хусусий мактабга ё орийлар учун мўлжалланган ёпиқ элита мактабларига борса.
Дарвоқе, охир оқибатда худди шундай бўлишини бир йил аввал “Ўқитувчи матбаа уйи” “Kolorpak” МЧЖга назоратига ўтганида, дарсликларини тайёрлаш буюртмаси тўсатдан давлат нашриётидан олиниб “Kolorpak” МЧЖга берилганида айтиб ўтгандик. Қоғоз нархи ошгани умуман аҳамиятсиз, логистика қийинлашгани ўринга эга эмас. Булар триллионлаб суммада кафолатланган буюртмаларни ўзлаштириш учун нархларни барибир шиширишарди.
Шу маънода мен эътирозлар манзилини тушунмайман. Нега Халқ таълими вазирлигига, қанақадир пулхонага айланиб қолган марказлар, инспекцияларга шикоят қилинмоқда? Ахир улар шерикларку! Горизонтал бўйича шериклар. Шунинг учун ҳам дарсликлар уч карра қимматлаган.
Хўш, нима қилмоқ керак дейсизми? Ўзбекистонда ҳозирча халқ сайлаган битта институт бор. Президент. Қолгани ҳаммаси чала, аморф ва ўлик. Неки халқда дард бўлса, фақат Президент ниманидир ўзгартириш мумкин. Шунинг учун умид Давлат раҳбаридан.
Хўп унгача нима қилиш керак дейсизми?
Унгача:
Биринчидан, уч карра қимматлаштирилган китоб олишдан бош ториш керак.
Иккинчидан, бундан буёғига, қиймати 1 миллион доллардан ортиқ ҳар қандай буюртма ва тендер халқаро мақомга эга бўлиши зарур. Билгичлар бунча катта ҳажмдаги дарслик ва қўлланмаларни Финландия ё Туркияда чоп этиб келиш ҳам арзон, сифатлироқ бўларди дейишмоқда. Нима, ўқувчи ва ота-оналарнинг китоб маҳри Kolorpak'ка тушганми?
Охирида охирги реплика. Менда, тўғриси биттагина жавоби йўқ жиддий савол бор холос: Нега бу одамни тадбиркор сифатида кўришади, ахир бу одам қип-қизил Березовский тоифасидаги типку. Зиёни давлатга ва халққа, фойдаси эса чўнтагимга қабилида иш тутувчи муттаҳам Березовский. Қамалиши ё қувилиши керак бўлган Березовский.
- https://t.me/the_bakiroo/3141@the_bakiroo