Пулли хизмат нархи бўйича ноаниқликлар фуқаролар фойдасига талқин этилиши керак эди
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таннархга нисбатан 20 фоизгача рентабеллик қоидаси киритилган янги талқинда давлат шифохоналаридаги пуллик хизматлар учун тўловлар қимматлашиши борасидаги эътирозларга муносабат билдирган.
Ёзилишича, мазкур қарор қабул қилинганидан сўнг, унинг 8-бандидаги меъёрнинг турлича талқин қилиниши оқибатида баъзи тушунмовчиликлар келиб чиққан. Жумладан, «шундай хизматлар қийматининг 25 фоизи назарда тутилганми ёки 125 фоизими» деган саволлар юзага келган. Содда қилиб айтганда, «тиббиёт муассасаларида 100 минг сўмлик тиббий хизмат 25 минг сўмга ёки 125 минг сўмга кўрсатиладими?» деган мазмунда мурожаатлар пайдо бўлди», — дейилади муносабатда.
Барака топгурлар, аввалги таҳрирда аниқ-тиниқ қилиб “шундай хизматлар қийматининг 25 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас” деб ёзиб қўйилган. 125 фоиз эмас. Таннарх деган сўз ҳам йўқ. Шундай экан, “чалғитувчи маълумотларни тарқатмасликка, юзага келаётган саволларни аниқлаштиришда расмий идораларга мурожаат қилишга чақирамиз” қабилидаги дағдаға танқидчиларга эмас, қоидаларни шундай шартларда ишлаб чиққанларга қаратилиши керак.
Қолаверса, Конституция бўйича ноаниқликлар фуқаролар фойдасига талқин этилиши зарур.
Ўқинглар мана. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. 20- модда:
“…Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”.
Яъни, идеалда агар Конституция руҳи ва ҳарфига амал қилинса, 2025 йил 8 майга қадар пуллик хизматлар учун (хизмат қийматининг 25 фоизидан кўп) ортиқча ундирилган маблағлар беморларга қайтарилиши керак. Лекин ким буни кўтариб чиқади? Ким истеъмолчиларни ҳимоя қилади?
- https://t.me/the_bakiroo/10083@the_bakiroo
- https://telegra.ph/Rasmiy-munosabat-05-15-6telegra.ph
- https://lex.uz/docs/6445145lex.uz