Давлат раҳбари газлашмаган ҳудудлар дардини кўтарди
Бугунги йиғилишда Давлат раҳбари суюлтирилган газ етказишда 60-70 кунлаб узилиш кузатилаётгани, айниқса, Андижон ва Сурхондарёда мурожаатларнинг 70 фоизи шу масала билан боғлиқлигини қаттиқ танқид қилган:
“Иссиқ кунларда газда шунча муаммо бўлса, қишда одамлар қозонини нимада қайнатади? Раҳбарларга сўнгги огоҳлантириш: бу масалага икки ҳафтада ечим топсин, бўлмаса ўзи билиб жойини бўшатиб қўйсин”.
Охирги 15 ой ичида газлашмаган ҳудудларда тарифлар 1 120 сўмдан 2 000 сўмгача 78,5%га қимматлади. Гўёки тизимдаги майда ўғрилар ушланиб (бункерлар кампанияси эсингиздадир), жазоланди, айримлари қамалди. Тепада эса, олиш бошида, тақсимотда ҳеч нарса ўзгармай қолди (газсиз, газдан узилган ва узилаётган аҳолининг ўсиши давом этаяпти, лекин лимитнинг шунга мувофиқ ўсишидан дарак йўқ). Аҳвол яхшиланиш ўрнига, тобора ёмонлашиб бормоқда. Илгари 35 кунда кеп турган суюлтирилган газдан энди ойлаб дарак бўлмаслиги оддий ҳолга айланди. Аҳолининг эътирози ўринли: ҳеч нарса ўзгармай қайтанга орқага кетган бўлса, нарх нима учун ошди ўзи?
Шунинг учун, газлашмаган ҳудудлардаги аҳолини ойлаб маҳтал қилгандан кўра, балки Энергетика вазири ваъда қилган, лекин эсдан чиқарган электр энергиясига 50 фоизлик чегирма механизмини ишга тушириш тўғри бўлар?
Агар газлашмаган ҳудудларга электр энергияси учун 50%лик чегирма берилса ва бу қонун билан кафолатланса, аҳолига бераяпмиз деб ҳаммани алдаб, аслида турли махинациялар билан қўлга, норасмий иқтисодиётга чиқиб кетаётган суюлтирилган газни шаффоф ва очиқ йўл билан бозорга берган афзал эмасми?
- https://t.me/the_bakiroo/9254@the_bakiroo