Бозор Ҳурмуз бўғози ёпиб қўйилишига ишонмаяпти
Исроилнинг Эронга ҳужуми ва Эроннинг жавоб зарбалари дам олиш кунлари турли интенсивликда давом этди.
Шанба куни Эрон парламенти депутатларидан бири Исмоил Кавсари Ҳурмуз бўғозини ёпиш масаласи кўриб чиқилаётгани ва Эрон бу бўйича энг яхши қарорни қабул қилиши ҳақида гапиргани ортидан, қатор ОАВлар ва айниқса? шимолнинг пропаганда каналлари нефть нархини 130 долларга кўтарилиб кетиши ҳақида прогнозлар билан бўлиша бошлади.
Энг қисқа жойида 40 кмгача тораядиган ва Эрон жисмонан ёпиб қўйиши мумкин бўлган Ҳурмуз бўғози орқали ростан ҳам жами нефть экспортининг 40%игача қисми, кўрфаз давлатларидаги жами нефтнинг 90%и ташилади. Лекин масала шундаки, бу бўғоз Эроннинг ўзи учун ҳам ёғилғи экспортининг энг асосий канали ҳисобланади. Шу билан бирга бўғознинг ёпилиши урушга бошқа қудратли глобал ўйинчиларнинг ҳам қўшилишига олиб келиши мумкин.
Нима бўлгандаям, бугун эрталабдан бозор очилиши билан нефть нархлари 74 доллар атрофида барқарор турипти (ўтган ҳафта охирида 78 долларгача сакраганди).