Prof. Sherzod kanalidan
Четга ўқишга чиқмоқчи бўлганларга маслаҳат: Халқаро таълимнинг "эски дунёсини" ҳозирча эсдан чиқарган яхши
"Эски дунё" деб нафақат Европа, балки баъзи тарихчилар "Евро-Америка" деб атайдиган ҳудудни назарда тутяпман. Бу ҳудуд азалдан юқори сифатли олий таълими, улуғ даргоҳлари (Оксфорд, Болония, Ҳарвард, Сорбонн вҳк) билан машҳур.
Нега бу машҳур илм ўчоқларини четлаб ўтган яхши? Чунки подкастимиз охирги сонида айтганимиздек, бу даргоҳлар жойлашган давлатлар аҳолиси, у ерларнинг сиёсий гуруҳлари, ҳатто ҳукуматлари тиш-тирноғи билан иммигрантларга қарши сафарбар бўлмоқда.
Четдан келган талабаларни душман қилиб кўрсатиш янги нарса эмас, аммо АҚШ президентининг Ҳарвард ва бошқа буюк университетларга, уларнинг чет эллик (айниқса Хитойлик) талабаларига ўтказаётган босим бу жараённинг янги, очиқдан-очиқ фазасига ўтганидан далолат.
Салкам 20 йилдан бери инқироздан боши чиқмаётган Ғарб медиаси ва демагог-популист сиёсатчилари ўз жамиятларидаги жиддий, структуравий муаммоларда муҳожирларни тинимсиз айблаб келмоқда. Катта банклар уй-жой бозоридан тортиб кредитлар бозоригача инқирозга учратди, аммо айбдор четдан келганлар бўлади. Жамиятда нотенглик, тушкун кайфият авж олганда, одамлар болаларини овқатлантиришга қийналадиган аҳволга тушганида, кунини телефонга тикилиб ўтказадиган оддий халқ Фейсбуку Твиттер алдовлари остида келгиндиларга тош отади.
Ваҳоланки ана шу келгиндилар бўлмаса, ўзи қарамай қариялар уйига топширган отасининг кетини ким артади? Болалари ейдиган сабзавотларни арзон нархда бозорга ким чиқаради? Буларни, албатта, ўйлаб кўрмайди, чунки бизнинг давримизда ҳеч ким чуқур ўйламайди.
Муҳожир-иммигрантнинг қурбон қилинишига ўрганиб ҳам қолдик, аммо булар сафига энди чет эллик талабаларни ҳам қўшиш анъанага айланиб бормоқда. Мамлакатга кираётган чет элликлар оқимини пасайтиряпмиз, деган гап учун талабалар сонини ҳам пасайтиришга уринишмоқда. Университетда ўқимаган (имкони бўлмагани учун эмас), аммо овоз ҳуқуқига эга ерли аҳоли овози учун, популистлар четдан келадиган ҳар кимни (айниқса териси тўқроқ рангда бўлса) душман қилиб кўрсатяпти.
Натижада, чет эллик талаба йўлига янги чиғириқлар, тўсиқлар қўйилмоқда. Британиянинг эски (Консерватив) ҳукумати кетишидан олдин "бомба" қолдириб кетди: мамлакатга магистрликка келадиган талабаларга оила аъзоларини олиб келишни таъқиқлади. Қарабсизки, Британияга келадиган чет эллик магистрлар сони кесин қисқарди. Азалдан барча ҳавас қилиб келган университетлар қийин аҳволда қолиб кетди. Ҳозирда Британиянинг кўп университетлари инқироз ёқасида. Ҳатто машҳур Оксфорд ва Кембриж ҳам молиявий қийинчиликларни бошдан кечиряпти.
АҚШнинг янги президенти ҳам британияликлардан қолишмасликка ҳаракат қилиб, университетларнинг нафас йўлларини бўғишга уринмоқда.
Ҳукумат тепасига чаласавод популист, университетда ё умуман ўқимаган (ва шу сабабдан барча ўқимишлиларни ёмон кўрадиган), ё номига ўқиб чиққанлар келганида нима бўлишини кўрса бўлади.
Қиссадан ҳисса нима? Чет эллик талабаларни қучоқ очиб кутиб оладиган жой бўлмаса, бормаган яхши. Тўғри, ҳозирги ксенофоб дунёда бундай жойлар кўп қолмади. Бир вақтлар муҳожирларни ўзига чорлайдиган Канадаю Австралия ҳам популистлар, миллатчилар домига тушмоқда, тушмаган бўлсада, у ерда ҳам ксенофоб кайфиятлар кучайиб бормоқда. 80 йилдан бери фашистлар меросини енголмай овора Германияда фашистлар яна бош кўтармоқда.
Четда ўқишни орзу қиладиган ёшларга маслаҳатим—Шарққа юз тутинг. Япониядек буюк ўлка бор. Университетлари дунё саҳнасига чиқаётган Хитой бор. Кореяни айтиб ўтирмайман—у ерга Темур тиғи етмаган бўлсада, ёшларимизнинг қалами етиб бўлган 😊
Дунё кенг, янги жойларга боринг. Жанубий Американи танланг—у ерларда ҳам яхши университетлар, қизиқ олимлар бор, тадқиқотлар қилинмоқда. Бошқалар юрмаган сўқмоқлардан юринг. Имконият доирангизни кенгайтиринг, ҳеч ким ўрганишни хоҳламаган тилларни ўрганинг, "модадан" ташқарида бўлган мавзу ё фанларни тадқиқ қилинг.
Куни келиб, популистлар ва демагоглар ва уларга эргашадиган чаласавод пода ўз хатосини тушунади. Аммо унгача сиз ўз йўлингизни, касбингизни, келажагингизни қуриб бўлган бўласиз 😊
@profsherzod