Ёпиқ қарорлар, яширин имтиёзлар ва амалдорлар даромадларини декларациялаш муҳокама қилинмаган
Кеча Қонунчилик палатасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани ҳам кўриб чиқишган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов депутатларга ахборот берган (10- дақиқадан бошлаб кўриш мумкин).
Бурхановнинг чиқишида ҳам, депутатларнинг саволларида ҳам, миллий маърузанинг ўзида ҳам қатор оғриқли масалалар, хусусан, коррупцион занжирларнинг боши бўлган ҳукумат ва ҳокимликлар потиратиб қабул қилаётган ёпиқ қарорлар, коррупцион охур ва оқимларни яратаётган яширин имтиёзлар ёки бўлмасам, турли баҳоналар билан ортга суриш бўйича 8 йиллик миллий сериалга айланган амалдорлар даромадлари ва мулкларини декларациялаш тизими ишга туширилмаётгани кўтарилмаган. Ҳаммаси силлиққина ўтган ва балки шунинг ўзи бугунги кун реалликларида муваффақият ҳисобланади.